Нуротанинг самовий нури

Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари. Аллоҳ ато этган қудуқ ва заҳар пардали шоҳона балиқ.

Фарғона” Андрей Кудряшовнинг Ўзбекистондаги муқаддас қадамжолар ҳамда зиёрат анъаналарига бағишланган тарихий очеркларини чоп этишда давом этади. Бугунги мақоламизда одамларнинг Бешпанжа чашмасидаги сув ёрдамида дунёдаги бор касалликларни даволашга уринганлари ҳамда Чашма мозорида аслида ким дафн этилгани ҳақида ҳикоя қилинади.

Нурота шаҳридаги Чашма ибодат мажмуасининг юқоридан, қалъа тарафидан кўриниши. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Нурота шаҳри Навоий вилоятининг шимолида, Қизилқум саҳросининг шарқий чети билан қояли Нурота тоғлари билан кесишган ерда жойлашган. Бу ерда Чашма дея аталувчи муқаддас зиёратгоҳ жойлашган. Уни шунингдек, Нурбулоқ деган бошқа номи ҳам бор. Ушбу мажмуа Марказий Осиёдаги энг кўҳна ва эҳтиромли қадамжолардан бири саналади.

Ислом тарихи солномачиси Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахий (899-959) Х асрда ёзган “Бухоро тарихи” китобида Нуротани оммавий диний зиёратгоҳ сифатида таърифлаган эди.

“Нур катта жой. Унда масжиди жоме бор. У кўпгина работларга (мустаҳкамланган иншоот – муаллиф изоҳи.) эга. Бухоро ва бошқа жойларнинг одамлари ҳар йили зиёрат учун у ерга борадилар. Бухоро аҳолиси бу ишда кўп муболаға қиладилар. Нур зиёратига борган киши ҳаж қилган (кишининг) фазилатига эга бўлади, у зиёратдан қайтиб келганида табаррук жойдан келганлиги сабабли шаҳарни ҳавоза банд қилиб безатадилар. Бу Нурни бошқа вилоятларда Нури Бухоро деб атайдилар. Тобеинлардан (тобеин – Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг саҳобаларини кўрган одамлар – муаллиф изоҳи.) кўп кишилар у ерга дафн этилганлар, Худо уларнинг ҳаммаларидан то қиёматгача рози бўлсин!”

Бешпанжа қудуғи, метеорит қулаган ва натижада мисли кўрилмаган нур пайдо бўлган афсонавий жой. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Маҳаллий ривоятларга кўра, бу ерда қадимги замонларда осмондан метеорит тушган ҳамда қояли жинсларда чуқур қудуқ очиб қўйган. Ушбу қудуқдан қақшаган сувсиз саҳродаги бутун воҳани қондирувчи булоқ суви чиқа бошлаган. Айтишларича, шу бугунги кунгача булоқ узра самовий нур пайдо бўлиб турар экан.

“Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассаллам меърож кечасида осмонга кўтарилганларида, пастда ялтираб турган нурни кўриб қолган эканлар. Малоикалар унга бу жойни Аллоҳ Таъало ўзининг суйган бандалари учун яратганини ва бу жойни ўзининг нури ва баракаси билан тўлдирганини айтишди”, — дея фахр ила ҳикоя қиладилар Нуротанинг ҳозирги аҳолиси вакиллари. Уларга кўра, шаҳарнинг номи араб тилидаги “нур” ва “ато” – (ҳадия этилган) сўзларидан олинган. Кўпчилик таъкидлашича, қудуқ узра афсонавий нур сўнгги бор 2004 йил 17 май куни пайдо бўлиб, бу ҳолат деярли бир ой давом этган. “Кимнинг иймони ҳақиқий бўлса, кимнинг қалбида Аллоҳ бўлса, у самовий нурни истаган пайтда, ҳатто ҳозир ҳам кўриши мумкин”, дейдилар комил ишонч билан зиёратчилар.

Бешпанжа дея аталувчи қудуқнинг ўзи (бу номнинг Аллоҳнинг қўли деган олий маъноси ҳам бор) бугунги кунгача яхши сақланиб қолган. Унинг деворлари йўнилмаган харсанг тошлар билан мустаҳкамланган. Қудуқнинг туби ўзининг тузилиши билан қўл кафтининг орқа томонига ўхшаб кетади. Бундан ташқари, маҳаллий илоҳиётчиларга кўра хаттотлик санъатига мувофиқ ёзилган “Аллоҳ” (الله) сўзига ўхшаб кетади.

Қудуқдан бир сонияда 360-450 литр сув чиқади, шу билан бирга, сувнинг ҳарорати йилнинг исталган пайтида бир хил – Цельсий бўйича 19,1 градусга тенг ҳолатда қолади. Сувнинг кимёвий таркиби ўтган асрдаёқ ўрганиб чиқилган, унда миқдори юқори даражада бўлган хлор ва кумуш ионлари ҳамда сульфатлар ва карбонатлар мавжудлиги аниқланган. Бундан ташқари, бу ердаги сувда калий, натрий, магний, никель, мис, хром, рух, темир, марганец, фтор – жами йигирмадан зиёд минераллар мавжуд. Ажабланарлиси эса, шундай бўлса ҳам сувнинг таъми шўрга ўхшамайди. Нуротада зиёратчилар сувда жуда кўп қорабалиқлар сузиб юрганига қарамай уни ариқнинг ўзидан олиб ичадилар. Айтишларича, сув таркибида кумуш ва хлор миқдорининг даражаси юқори бўлгани боис уни қайнатмасдан ҳам ичса бўлаверади. Боз устига, унинг шифобахш хусусиятлари бор дея таъкидлашади. Яқин кунларгача ҳам Бешпанжа чашмасидаги сув билан ҳар қандай дардларни, шу жумладан, руҳий хасталиклар ва қутурган ит тишлаганларни ҳам даволашга уриниб келишган.

Қорабалиқлар (маринкалар). Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Бу ерда балиқларни булоқнинг ўзида ҳам, унга қўшилган катта ҳовузда ҳам, шунингдек, шаҳар ичидаги каналларда ҳам учратиш мумкин. Бироқ уларга ҳеч ким овқат бермайди ва ейиш учун овламайди. Маълумки, Ўзбекистоннинг кўплаб тоғли сойларида ва сув ҳавзаларида кенг тарқалган қорабалиқларнинг увилдириқлари, уруғ безлари ва қорин бўшлиғидаги органлар заҳарли. Унинг ичак-чавоқларини ҳамда қора пардасини эҳтиёткорлик билан олиб ташлаганидан сўнг истеъмол қилиш мумкин. Бироқ муқаддас мажмуадаги булоқларда сузиб юрган балиқларни ейиш тақиқланган.

“Биз ўзимиз шоҳбалиқни қандай қилиб тайёрлаб, тўғри пиширишни биламиз. Лекин бизнинг аждодларимиз бу муқаддас булоқдаги балиқларни ким еса, баданига оқ доғлар тушиб, мохов касалига чалинади ва ўша заҳоти ўлиб қолади деб айтиб келишган. Улар бу гапни энг очарчилик пайтларда ҳам балиқларни муҳофаза қилиш учун ўйлаб топишган, ахир бу балиқлар йўқолса, сувнинг тозалиги бузилади”, — дейишади Нурота шаҳри аҳолиси. Бу ердаги қудуқ атрофида ҳозир ҳам узоқ мозийдаги сингари зиёратчи аёллар орзу ва истакларининг амалга ошишини тилаб қабр атрофида айланиш маросимини бажарадилар. “Биз зиёратчиларга барча ҳожатларини қудуқ ва ундаги балиқлардан эмас, фақат Аллоҳдан сўрашларини тушунтирамиз”, — дейдилар қадамжонинг нозирлари.

Чашма мажмуасининг ичкарисида. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Бешпанжа қудуғидан тўртта катта ариқ оқиб чиқади. Нурота шаҳрида бирорта ҳовли йўқки, ундан шу ариқлардан бирортаси оқиб ўтмаса. Шундай қилиб, Нуротани шу чоққача фақат битта манбадан чиқадиган сув билан таъминланувчи шаҳар деб айтса бўлади. Ҳар ҳолда, бу ерда водопровод ҳам бор, лекин у ер устида оқадиган сой ва дарёларнинг эмас, Нурота тоғлари этагида жойлашган ерости ҳавзаларидаги сув билан тўлдирилади.

Бу ердаги воҳанинг маданий қатлами археологик маъмулотларга кўра, 4000 йилдан ошиб кетган бўлиши мумкин. Бу ерда кўплаб коризлар (Ўрта Осиё ва Кавказнинг тоғ этакларидаги районларда ерости сувларини оқизиб чиқариш учун қурилган иншоот) мавжуд. Қизилқум чўлининг шарқий четидаги иқлим худди минг йиллар аввалгидек каби ўта қурғоқчили бўлиб қолмоқда. Тоғ чўққиларидан тупроқнинг чуқур қатламларига оқиб тушаётган мавсумий ёғингарчиликлар суви булоқлар туфайли инсон фойдаланиши учун имкониятли бўлиб қолади. Шундай қилиб, бу ердаги одамларнинг ушбу сув манбаларига эътиқодида ажабланарли ер йўқ.

ХХ асрнинг 90-чи йилларида Нурота воҳасини синчковлик билан тадқиқот этиб чиққан этнограф Александр Шевяковга кўра, Бешпанжа қудуғига эътиқод анъанаси антик даврларда пайдо бўлгани бўлиши мумкин. Кейинроқ бу эътиқод мусулмон даъватчилари томонидан трансформация қилинган ва “ўзлаштирилган”. Қадамжонинг ёнида маҳаллий авлиё — Нур Отанинг мозори жойлашган. Баъзи ривоятларда уни суфийлик пирларидан бири, Жунайд ал-Бағдодийнинг сафдоши, Ҳазрат Абдул Ҳасан ан-Нурийнинг ўзи деб атайдилар. Бу инсон ҳақида XIII асрнинг машҳур суфий-шоири Фаридиддин Муҳаммад Аттор ўзининг агиографияга (авлиёлар ҳаётига доир асар) оид “Тазкиратул-Авлиё” рисоласида қуйидагиларни битган эди:

“Нурийнинг юзидан шунақанги нур ёғилиб тур эдики, у қоронғи хонада ўтириб намоз ўқиганида хона нурга тўлиб кетар эди”. Шундоқ бўлса ҳам, Нур Ота билан Ҳазрат ан-Нурийни битта одам деб ҳисоблаш тарихий нуқтаи назардан олиб қараганда эҳтимолдан узоқ ҳолат. Академик, археолог Яҳъё Ғуломовга (1908-1977) кўра, динга нисбатан жонкуяр муносабати билан танилган шайх Аҳмад ибн Муҳаммад Абдул-Ҳасан Бешпанжа қудуғининг мўъжизалари ҳақида эшитиб, IX асрда Бухородан Нурга ташриф буюрган. У умрининг охиригача бу воҳада қолиб кетган ва халқ орасида Нурота номи билан танилган. У 69 ёшида вафот этиб шу ернинг ўзида дафн этилган бўлиб, унинг қабри ёнида шайхнинг гўзал ва тақводор қизи Нургул бибининг қабртошини кўриш мумкин. Бу қабр туфайли аёллардан бўлган зиёратчиларнинг Нуротага меҳри катта.

Умуман олганда, Чашма қадамжо мажмуаси таркибига Бешпанжа қудуғидан ташқари яна икки масжид киради. Улардан биринчиси XVI асрда барпо этилган Панжвақт масжиди бўлиб, унда кунига беш маҳал жамоат билан намозлар адо этилади. Иккинчиси – қирқта устунлик Чилустун жомеъ масжиди бўлиб, IX асрда барпо этилган масжид қайта реконструкция қилинган.

Булоқнинг устида, адирлар тепасида қалъа иншоотларининг ҳайбатли вайроналари қад кўтариб турмоқда – ўтмишда экскурсия раҳбарлари уларни “Македониялик Искандарнинг Сўғдиёнадан шимолга, скифлар ўлкасига юриши давомида қурдирган қалъа” дейишни ҳуш кўришар эди. Бугунги кунда ушбу иншоотларнинг ёшини аниқлашда тарихий ёндашувга кўпроқ урғу берилади: тахмин қилинишича, ушбу истеҳкомлар Ўрта асрларнинг охирида нафақат Нурота воҳасини, балки Бухоро хонлиги ҳамда Самарқанд воҳаларининг шимолий чегараларини, дашт кўчманчиларидан мудофаа қилишда ҳам муҳим аҳамият касб этган.

Айтекебий Байбекули мақбараси, қалъа ва “Чашма” мажмуаси тарафидан кўриниши. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Нуротада Саитқул авлиё қабристони ёнида 2012 йилда қурилган Олчин уруғидан бўлган Айтекебий Байбекулининг (1644-1700) мақбараси жойлашган. Бий қозоқ халқининг машҳур қонунчилик устози, амир Жалантоснинг тарбиясини олган, 30 ёшида Қуйи жузнинг бийи дея тан олинган (жузлар – қозоқларнинг уруғ асносида бирлашмалари, Юқори, Ўрта ва Қуйи жузлар мавжуд; бий – қабила, уруғнинг раҳнамоси. – “Фарғона” изоҳи). Лекин бошқа маълумотларга кўра, Айтекебий Тошкентдан 75 чақирим масофада, Чиноз шаҳри яқинида дафн этилган бўлишига қарамай, Нуротада унинг мақбараси очилиши Ўзбекистон билан Қозоғистоннинг сиёсий яқинлашувида муҳим босқичга айланиб қолди ва Нуротага жуда кўп қозоғистонлик зиёратчиларини жалб эта бошлади.

Айни пайтда Нуротадаги Чашма зиёратгоҳ маскани атрофида замонавий меҳмонхоналарнинг қурилиши ниҳоясига етмоқда ва бундан буёғига европалик саёҳатчиларнинг келиб-кетишлари осон бўлиб қолиши кутилмоқда. Ўзбекистоннинг барча шаҳарлари ичида етиб борилиши қийин, аммо ўта хушманзарали чўл ҳудудида жойлашган Нурота қадимги афсона ва ривоятлар ва турфа хил ранглар билан безалган мисли йўқ экзотик жой бўлиб қолмоқда.

Андрей Кудряшов фотосуратлари / «Фарғона"

Андрей Кудряшов

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ