Ургутга учиб келган чап ковуш

Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари. Қодирия тариқатига асос солган шайх ва тортинчоқ қиз

“Фарғона” Андрей Кудряшовнинг Ўзбекистондаги муқаддас қадамжоларига ҳамда зиёрат анъаналарига бағишланган тарихий очеркларини чоп этишда давом этади. Бугунги мақоламизда буюк шайх Абдулқодир Жилоний ҳақида ҳикоя қилинади.

Ғус қишлоғидаги “Ғавс-ул-Аъзам” мақбараси. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Ургут – Ўзбекистондаги Самарқанд вилояти Ургут туманининг маъмурий маркази. Унчалик катта бўлмаса ҳам одамлари гавжум бу шаҳар, янада аниқроқ қилиб айтиладиган бўлса, аҳолиси зич бўлган қишлоқлар конгломерацияси кўҳна Самарқанднинг жануби-шарқида, Туркистон тоғ тизмасининг ёнбағирлари бўйлаб чўзилган. Тепаликлар кўп бўлган ландшафт устида улуғвор Аллаеран чўққиси қад кўтариб турибди. Номи “Аллоҳ биз билан” маъносини берувчи чўққининг денгиз сатҳидан баландлиги 2096 метр.

Ургутнинг ўзи араб хроникаларида IX асрлардан бошлаб Варкуд ёки Вазкерт номи билан тилга олинади. Ҳозирги номи эса шаҳар ўзбекларнинг минг уруғи беклари – маҳаллий ҳукмдорларнинг мустаҳкам қароргоҳига айланганидан сўнг шаҳар XVII асрдан бери танилган. Ўша йилларда беклар Бухоро амирлигининг вассаллик муносабатлари остида эдилар.

Агломерациянинг бугунги аҳолиси сони 60 минг кишига етиб қолган, уларнинг аксарияти ўзларини ургутлик ёки ургутийлар деб атайдилар. Ушбу этник жамоа шунингдек, қўшни Тожикистон ва Афғонистоннинг шимолида ҳам кенг тарқалган. Ургутнинг ҳозирги замон аҳолиси асосан бағдорчилик, сабзавотчилик, чорвадорлик ва амалий ҳунармандчилик билан шуғалланадилар. Шаҳарда Ўзбекистонда ягона бўлган тамаки фабрикаси, бир нечта гилам тўқиш цехлари, ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолият юритади. Ургутнинг қишлоқ хўжалик бозори – вилоятдаги энг машҳур бозорларидан саналади. Халқ амалий санъатининг намуналари бўлган сўзаналар, каштачилик ва анъанавий бош кийимлар билан бирга бу ерда кундалик арзон либослар ва Хитойдан келтирилган маиший техника маҳсулотлари улгуржи ва чаканасига сотилади.

Ургут шунингдек, йирик меъморий ёдгорлик маркази саналади. Қодирия тариқатининг афсонавий асосчиси, суфийларнинг машҳур шайхи Абдулқодир Жилоний мақбараси ҳамда муқаддас булоқ атрофидаги “минг йиллик” чинорлардан иборат дарахтзор бугунги кунда ҳам кўплаб зиёратчиларнинг эътиборини ўзига жалб этиб келмоқда.

Абу Муҳаммад Муҳиддин Саид Абдул-Қодир Жилоний ҳам Машриқ ва ҳам Мағрибда машҳур инсон бўлиб, унинг аждодлари шажараси пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб тақалади. У 1077 йилда Эроннинг Жилон (Ғилон) шаҳрида, Каспий денгизи соҳилида таваллуд топган.

Ёшлик чоғидан ўзининг тақвоси билан ажралиб турган бўлгуси шайх ўн саккиз ёшга тўлганида таълим олиш учун ўша даврларда Аббосийлар ҳалифалигининг пойтахти бўлмиш Боғдодга жўнаб кетади. У ерда у фикҳ, ҳадис ва тафсир илмини чуқур ўзлаштиради.

Тарихий хроникада Абдулқодир Жилонийнинг суфийлик издоши сифатида тилга олинмайди, бироқ унинг қаламига мансуб элликдан зиёд фалсафий рисола ва китоблар борлигини таъкидлаб ўтади. Шунга қарамай, тасаввуф анъаналарида энг қудратли суфийлик тариқатларидан бири, Узоқ Шарқдан Шимолий Африка ва Испаниягача тарқалган Қодирия тариқатининг асосчиси сифатида айнан унинг исми келтирилади.

Муқаддас булоқ. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Ровийлар андоғ ривоят қилурларким, кўп йиллик илм талабидан сўнг Абдулқодир кутилмаганда Боғдодни тарк этиб, йигирма беш йил умрини зоҳидликда ўтказади ҳамда Ироқнинг чўлу-биёбонларини тўхтовсиз кезиб риёзат кечади. У 1127 йилда Боғдодга қайтганида, ёши элликдан ошган эди. У жамоат жойларида ҳаққа даъват қилишни бошлади ва аста-секин ўз атрофида садоқатли ҳамфикрлар халқасини тўплади. Устоз улар учун норационал тасаввуф билимини ва ҳатто Аллоҳни бевосита мушоҳада қилиш имкониятини берувчи, шогирдларни маърифат ҳолатига олиб борувчи махсус фалсафий низомлар, ахлоқ қоидалари ҳамда муайан маросимлар амалиётлар тўпламини ўз ичига олган “Ҳолатлар илми” ишлаб чиқарди.

Тарихий манбаларга кўра, шайх Абдулқодир Жилоний 88 ёшида вафот этган ва Боғдодда дафн қилинган. Ироқ пойтахтидаги унинг қабри бугунги кунда бутун Ислом оламида эъзозланадиган меъморий мажмуага айланганидан ташқари, Қодирия тариқати ворисларининг қароргоҳи ролини ҳам бажармоқда. Шу муносабат билан унинг мақбараси қанақасига Самарқанд яқинида пайдо бўлиб қолди?..

Бир авлиёнинг ўрнига бошқаси

Олдин бир неча бор қайд этилганидек, Ўзбекистонда тарихий ёки афсонавий фигураларни дунёнинг бошқа бир бурчакларидан кўчириб келиш “халқ исломи” ва оммавий эътиқод амалиётлари учун жуда характерли ҳолат бўлиб қолган. Шу билан бирга, мазкур фигуралар афсоналар ёрдамида диққатга сазавор маҳаллий табиат гўшаларига боғланади. Бу каби амалиёт қадамгоҳ (ёки қадамжо) яъни “из қолдирилган жой” деб аталади. Бунақа ҳолатда Одам ва Нуҳ алайҳиссаломдан бошлаб Искандар Зулқарнайн ёки Ҳазрат Алигача бўлган у ёки бу буюк исталган персонаж ташриф буюрган жой муқаддас бўлиб қолади. Шу билан бирга, ривоятлар кўп ҳолатларда очиқ-ойдин бўлган макон ва замонга оид номутаносибликлар орасидаги зиддиятларни силлиқлаб қўяр эдилар.

Учта афсонавий чинор. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Абдулқодир Жилоний қайси жойларга бориб сафар қилгани тўғрисида ҳатто суфийлик анъанасида ҳам батафсил маълумотлар берилмаган экан, унинг Ургутда бўлганини қатьиян инкор этиб бўлмайди. Ургутнинг кунботар тарафидаги Ғус қишлоғида “Улуғ ҳомий” Ғавсул Аъзамнинг ёдгорлик иншоотининг пайдо бўлишига бошқача изоҳ ҳам топилади. Унинг мақбараси куб шаклидаги чиройли бино бўлиб, ҳар бир бурчагида унчалик катта бўлмаган миноралар устини анъанавий ярим айлана шаклидаги гумбаз ёпиб турган. Ушбу иморат турли даврларда кўп маротаба реконструкция қилинган, шунинг учун ҳам унинг ёшини аниқлаш қийин. Бироқ унинг ичида ҳақиқий қабр бор. Қодирия тариқати Ўзбекистон ҳудудида унчалик кенг ёйилмаган, ваҳоланки Бухоро ва Самарқанд воҳаларида авваллари унинг кўплаб садоқатли издошлари бўлган. Аввали бошда қабр тасаввуф биродарлигининг маҳаллий пиронларидан бирига қарашли бўлган бўлиши мумкин. Бироқ вақт ўтиб унинг исми халқ хотирасидан кўтарилган ва тариқатнинг асосчиси бўлмиш машҳур исм томонидан сиқиб чиқарилган бўлиши мумкин. Меъморий ёдгорлик нозирлари тафсилотларга тўхтаб ўтирмайдилар, ахир хабарсизларга сир тутилган билимларни очиқлаб зое қилмаслик суфийлик анъаларига хос ахлоқ.

Муқаддас тоғдаги қабристон. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Бу ерда зиёратчиларга эртакнамо ҳикоя сўзлаб беришади. Қачонлардир Ургут четида жуда ҳам гўзал қиз яшаган, унинг оиласи Абдулқодир Жилонийга мурид бўлган. Кунлардан бир кун у тоғ жилғасидан сув олиб келгани кетаётганида рўпарасидан ўз подасини суғориш учун сой бўйига ҳайдаб кетаётган ёш чўпон йигит чиқиб қолган. Қизнинг гўзаллигидан лол қолган чўпон Шариат меъёрларини ҳам унутиб қўполлик билан қизнинг қўлидан тортади. Таҳқирона муносабатдан қўрқиб кетган соҳибжамол қиз хаёлан Ғавсул Аъзамга мурожаат қилиб ёрдам сўрайди. Абдулқодир Жилоний бу пайтда Ургутдан минглаб чақирим масофада, Боғдодда шом намози учун таҳорат олаётган бўлади. Ана ўша пайтда у қизнинг чақириғини эшитиб қолади ва чап оёғининг ковушини олиб, ўтирган жойида чап елкасидан орқага қараб улоқтириб юборади. Ковуш мўъжизавий тарзда улкан масофадан учиб бориб чўпоннинг пешонасига тегади. Ўша заҳоти чўпон ҳам, гўзал қиз ҳам сирли тарзда ғойиб бўладилар. Воқеа содир бўлган жойда эса ер остидан булоқнинг кўзи очилиб, кўплаб дардларга шифо бағишловчи сув отилиб чиқа бошлайди ва чинор ўсиб чиқади. Халқ ривоятларида айтилишича, агар инсон Ғус қишлоғидаги Абдулқодир Жилонийнинг мақбарасини зиёрат қилишни ният қилса, Ғавсул Аъзам унинг пок ниятини ўша заҳотиёқ сезиб қолади ва зиёратчининг бутун йўли давомида ёрдам бериб келади. Инсон зиёратни қилиб бўлганидан сўнг унинг ҳар қандай истаклари рўёбга чиқади.

Диққатга сазавор ери шундаки, Исломнинг расмий тарихи Абдулқодир Жилонийни Аҳмад ибн Ҳанбал мазҳабидаги факиҳ деб ҳисоблайди. Бу мазҳабда ирим-сиримларга нисбатан жуда қатъий позицияда турилади, авлиёлар мозорларига ва умуман олганда, Маккадаги Каъбадан бошқа қандай қадамжоларга сиғиниш бидъат, куфр ва гуноҳи кабира саналади. Бироқ Ургут атрофида ҳанбалийлар талқинидаги қаттиққўл Ислом вақт ҳар ўтиб халқ урф-одатлари билан мослашиб кетди. Тақводор зиёратчилар ҳар ҳолда мавжуд зиддиятлар ҳақида яхши биладилар ва имкони борича зиёрат ахлоқига риоя қилишга ҳаракат қиладилар. Муқаддас қадамжо йўлининг охирида юз марта такбир айтиш лозим. Мақбара қошидаги масжидда албатта Каъбага юзланиб зиёрат намози ўқилади ва унинг ортидан мулла Аллоҳни улуғлаб салавотлар ўқийди ҳамда маҳаллий авлиёнинг қанақанги чин мусулмон бўлганини қўшиб ўтади. Ана ўшандан сўнг Аллоҳга юзланиб қанақанги ҳожат бўлса сўралади ва авлиёдан воситачи бўлишга даъват қилинади.

Зиёратчилар. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Албатта, бугунги кунда суфийлик устозларнинг мозорларини ҳамда бошқа қадамжоларни зиёрат қилувчи одамлар бу маросимни белгилангани каби аниқ бажармай қўйишган. Бироқ уларга бу борада ҳеч ким танбеҳ бериш ҳақида ўйламайди ҳам. Қадамжо нозирлари оддий саёҳатчиларни ҳам очиқ юз билан кутиб оладилар. Улар муқаддас қадамжони зиммийлар ва ҳатто даҳрийлар ҳам келиб зиёрат қилишлари алалоқибат динга даъват ишида албатта қўл келади, деб ҳисоблайдилар.

Андрей Кудряшов фотосурати / “Фарғона”

Андрей Кудряшов

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ