Ўзбекистонлик депутатлар эскирган давлат стандартларини ЖСТга аъзо бўлиш йўлидаги тўсиқ деб атадилар

Фото: orf.at сайтидан

Ўзбекистонда амалда бўлган давлат стандартларининг қарийб ярми эскирган ёки халқаро талабларга жавоб бермайди, бу эса мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлишига тўсқинлик қилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодира Жонибекова маълум қилди, деб ёзади Spot.

Парламент аъзосининг сўзларига кўра, республикада 33 мингдан ортиқ стандарт амал қилмоқда ва уларнинг 50 фоизга яқини янгиланишга муҳтож. Техник жиҳатдан тартибга солиш тизимини халқаро меъёрларга мувофиқлаштириш ЖСТга аъзо бўлишнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади.

«Бу ҳолат Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнида жиддий тўсиқ бўлиб қолмоқда. Зеро, техник жиҳатдан тартибга солиш тизимининг халқаро талабларга тўлиқ мос бўлиши аъзоликнинг асосий шартларидан биридир», — дея таъкидлади Жонибекова.

10 ноябрдаги мажлисда депутатлар Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Ансабхон Зокировга парламент сўрови юборишни маъқулладилар. Мулозимдан тармоқни ислоҳ қилиш, стандартларни янгилаш, рақамлаштириш ва коррупция хавфларини камайтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида тушунтириш бериш талаб қилинди.

Жонибекова, шунингдек, коррупциявий хавфларни аниқлаш ва бартараф этиш ишлари етарлича самарали йўлга қўйилмаганини айтди. Унинг сўзларига кўра, рақамли технологияларни жорий этишни жадаллаштириш ва техник тартибга солиш тартиб-таомилларининг шаффофлигини ошириш зарур.

ℹ️ Ўзбекистон ЖСТга кириш учун аризани 1994 йилда топширган бўлиб, 2005 йил октябрида жараён тўхтаб қолгунига қадар — Андижондаги воқеалардан сўнг — ишчи гуруҳнинг учта учрашуви бўлиб ўтган эди. Республика расмийлари ташкилот талабларига мувофиқлашиш учун ўз қонунчилигини такомиллаштиришда давом этди ва 2017 йилда унга қўшилиш ишларини қайта тиклади.

2026 йилда ишчи гуруҳнинг иккита йиғилиши бўлиб ўтди ва уларда Ўзбекистон томони 30 дан зиёд ҳужжат тақдим этиб, ташкилотга аъзо мамлакатларнинг 400 дан ортиқ саволларига жавоб берди. Октябрь ойига келиб Тошкент 33 та давлат билан икки томонлама музокараларни якунлади, музокаралар иштирокчиларининг баҳолашича, товар ва хизматлар бозорига кириш шартларини келишишдаги умумий илгарилаш 99 фоизга яқинлашди.

Ноябрь ойи бошида ЖСТ ишчи гуруҳи раиси Сунг-Ё Чой Тошкентга ташриф буюриб, аъзо бўлиш бўйича қолган масалаларни муҳокама қилди. Улар орасида икки томонлама битимларни якунлаш, қишлоқ хўжалиги субсидияларини мувофиқлаштириш, қонунчиликни ислоҳ қилиш ва мажбуриятларнинг якуний пакетини тайёрлаш бор. Ўзбекистон музокараларни 2026 йил охиригача тугатиб, ташкилотга 2027 йилда киришни мўлжалламоқда. Аниқ сана ҳозирча белгиланмаган.

ℹ️ ЖСТ — мамлакатлар ўртасидаги савдо қоидаларини тартибга солувчи глобал халқаро тузилма. Келишувлар замирида ўз аъзоларига муайян савдо ҳуқуқларини кафолатловчи шартномалар ётади. Ташкилотга кириш хорижий ҳамкорлар учун савдо тўсиқларини камайтиришни ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни протекционистик тарзда ҳимоя қилишдан воз кечишни назарда тутади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ