Тўқаев «лифт» сўзининг қозоқча муқобили ва арабизмларни танқид қилди

Қосим-Жўмарт Тўқаев. Фото: akorda.kz сайтидан

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев қозоқ тилида айрим «сунъий» сўзларнинг пайдо бўлишини шубҳали деб атади. Мисол тариқасида у лифт, газета ва душ атамаларини келтириб ўтди, деб хабар беради Оқўрда.

«Қазақ тілі» («Қозоқ тили») халқаро жамиятининг Х қурултойида сўзга чиққан президент «ҳар бир нарсада меъёр бўлиши керак»лигини таъкидлади. «Шу нуқтаи назардан, «күйсандық» (пианино), «қылтима» (балкон), «субұрқақ» (фаввора), «себезгі» (душ), «қырыққабат» (карам), «үнқағаз» (газета), «жеделсаты» (лифт), «желкөз» (форточка) каби сунъий сўзларнинг пайдо бўлиши шубҳа туғдиради», — деди Тўқаев.

Шу билан бирга, республика раҳбарининг қўшимча қилишича, сўнгги йилларда кундалик муомалага авваллари кам қўлланган ёки деярли ишлатилмаган сўзлар кириб келди. Улар қаторида у «жанармай» (ёқилғи), «ғаламтор» (интернет), «тікұшақ» (вертолёт), «пайыз» (фоиз), шунингдек «тұжырымдама» (концепция), «қағидат» (тамойил), «жоспар» (режа) ва «ғарыш» (космос) кабиларни санаб ўтди.

Давлат раҳбари дин билан боғлиқ анъанавий қозоқча сўзларни арабча лексика билан алмаштириш тенденциясига ҳам эътибор қаратди.

«Бунга зарурат бор-йўқлиги ҳам саволлар туғдиради. Умуман олганда, бу жуда муҳим мавзу, шу боис бу борада профессионал олимлар ўзларининг салмоқли фикрини билдиришлари лозим», — дея таъкидлади президент ва тилшунослар, экспертлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирокида махсус ишчи гуруҳ тузишни таклиф қилди. Унинг фаолиятини мувофиқлаштириш давлат раҳбари маъмуриятига топширилади.

Бундан ташқари, Тўқаев тилшунослик соҳасида универсал ҳамда оммабоп рақамли тизим яратиш ва барча луғатларни, жумладан орфографик луғатни янгилаш зарурлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, қозоқ имлоси меъёрларини 2027 йил охиригача тартибга солиш лозим. Президент расман тасдиқланган орфографик луғат ҳамон 1983 йилда нашр этилганича қолаётганини, кейинги нашрлар эса давлат томонидан тасдиқланмаганини эслатиб ўтди.

Давлат раҳбари тил масаласидан адоват қўзғатиш мақсадида фойдаланишга йўл қўйиб бўлмаслигига алоҳида тўхталди. У давлат тили мамлакат бирлигини мустаҳкамлашнинг асосий омилларидан бири бўлиши кераклигини, бироқ унинг ривожи бошқа тилларнинг ривожига тўсқинлик қилмаслиги лозимлигини эслатди.

«Бир тилни иккинчисига қарама-қарши қўйиш керак эмас. Бу улкан гуноҳдир. Бунинг оқибатларини ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз», — дея таъкидлади Тўқаев.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Ўзбекистон мактаб ислоҳотини хорижий тажрибалар асосида қандай шакллантираётгани ҳақида

  • Қозоғистон сунъий интеллект пойгасида АҚШ ва Хитой ўртасида қандай мувозанат сақламоқда

  • Толибларга қарши мухолифат етакчилари мамлакат келажаги борасида турлича фикр билдирди

  • Машҳур санъаткорнинг Жапаров олдида ўзини қандай тутгани Қирғизистонда ҳокимиятга сиғиниш ва сиёсий ўзгаришлар ҳақидаги баҳсларга сабаб бўлди