ЕТТБ Тожикистонда йўлларни таъмирлаш ва сув таъминотини яхшилаш учун 63 миллион евро ажратади

Маттео Патроне ва Файзиддин Қаҳҳорзода. Тожикистон Молия вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Тожикистон ҳукуматига 63 миллион евро миқдорида кредит ва грантлар ажратади. Маблағлар Хатлон вилоятидаги йўлларни таъмирлаш ва сув таъминоти тизимини модернизация қилишга йўналтирилади. Бу ҳақда халқаро молия ташкилотининг сайтида хабар берилган.

Тегишли битимларни Тожикистон Молия вазири Файзиддин Қаҳҳорзода ва ЕТТБ вице-президенти Маттео Патроне имзолаган.

Биринчи лойиҳа доирасида банк республика ҳукуматига 49,2 миллион евро миқдорида давлат кредити ажратади. Ушбу маблағлар ҳисобидан узунлиги 56 километр бўлган Балжувон — Сари-Хосор автомобиль йўлини реконструкция қилиш режалаштирилган. Бу жами олти мингга яқин киши истиқомат қиладиган 19 та аҳоли пункти ўртасида йил давомида узлуксиз транспорт қатновини таъминлашга ёрдам беради.

ЕТТБ маълум қилишича, мавсумий сув тошқинлари туфайли қиш ва баҳор ойларида йўлдан ўтиш имконсиз бўлиб қолади. Бу, жумладан, савдо соҳасида жиддий муаммоларни келтириб чиқаради. Шу билан бирга, Тожикистон ҳукумати табиатни муҳофаза қилиш бўйича бир қатор чораларни кўриш ва дарёлар қирғоқларини ҳимоя қилишни кучайтириш орқали маҳаллий экотизим барқарорлигини оширишни мақсад қилган.

Лойиҳа учун 4,2 миллион евро миқдорида грант ажратилади. Ушбу маблағлар йўл қопламасини таъмирлашга қўшимча сармоя киритишдан тортиб, йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича маслаҳат хизматларини молиялаштиришгача бўлган турли мақсадларга сарфланади.

Бундан ташқари, ЕТТБ Кўлоб шаҳрида сув таъминоти ва оқова сув тизимини ривожлантириш лойиҳасини якунлаш учун 6,2 миллион евро миқдорида давлат кредити ажратади. Ишлар тугалланганидан сўнг 100 мингдан ортиқ аҳоли тоза сувдан узлуксиз фойдаланиш имкониятига эга бўлиши кутилмоқда. Бу, ўз навбатида, ҳар йили миллионлаб куб метр сув ресурсларини тежаш имконини беради.

Маблағлар сув таъминоти ва канализация тармоқларини, жумладан, сув қувурлари, сув олиш иншоотлари ва насос станцияларини модернизация қилишга йўналтирилади. Шунингдек, шаҳар оқова сувларини тозалаш иншоотини таъмирлаш ва сув ҳисоблагичларини харид қилиш учун ҳам маблағ ажратилади. Ушбу лойиҳа доирасида 3,4 миллион еврогача қўшимча грантлар ҳам кўзда тутилган.

Банк таъкидлашича, янги маблағлар ЕТТБ ва Европа Иттифоқи томонидан республикага аввал ажратилган 16,5 миллион евро миқдоридаги кредит ва грантларга қўшимча бўлади.

Қайд этилишича, янги ташаббуслар ЕТТБ ва Тожикистон ҳукумати ўртасида яқинда имзоланган ўзаро англашув меморандуми доирасида амалга ошириладиган дастлабки лойиҳалар ҳисобланади. Ҳужжат 2030 йилгача бўлган ҳамкорликни белгилаб, молия институтининг инвестиция портфелини мамлакатдаги ислоҳотлар, жумладан, иқтисодиётнинг инфратузилма ва энергетика соҳаларида йирик лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлайди. Умуман олганда, келгуси беш йилда ушбу йўналишларга 750 миллион еврогача маблағ жалб қилиш режалаштирилган.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки Тожикистонда 1993 йилдан буён фаолият юритади. Шу давр мобайнида ташкилот республика иқтисодиётига 201 та лойиҳа доирасида қарийб 1,1 миллиард евро сармоя киритган. Жумладан, ЕТТБ энергетика, транспорт, сув таъминоти ва коммунал хўжалик соҳаларидаги ташаббусларни молиялаштиради, шунингдек, мамлакатдаги хусусий бизнес ва банк секторини қўллаб-қувватлайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ