«Қайрат» Конференциялар лигасидаги иштирокини Ригадаги дуранг билан бошлади

Ўйиндан лавҳа. «Қайрат» ФК фотосурати

Олмаотанинг «Қайрат» клуби УЕФА Конференциялар лигасининг 2026/27 йилги мавсуми умумий босқичи биринчи турида «Рига» жамоаси билан дуранг ўйнади. Латвия пойтахтида бўлиб ўтган учрашув 1:1 ҳисобида якунланди.

«Қайрат» бешинчи дақиқадаёқ ҳисобни очди. VAR тизими орқали вазият кўриб чиқилганидан сўнг, ҳакам Райвис Юрковскиснинг Ойва Юкколага нисбатан қоидабузарлиги учун пенальти белгилади. Марк Гуаль 11 метрлик жаримадан аниқ фойдаланди.

12-дақиқада Салоҳ Улад М'Ханд ҳисобни тенглаштирди. Кейинроқ мезбонлар ҳам пенальти тепиш ҳуқуқини қўлга киритишди, аммо Темирлан Анарбеков Муҳаммад Бадамусининг зарбасини қайтарди. Иккинчи бўлимда жамоалар гол ура олишмади.

Шу тариқа, «Қайрат» Конференциялар лигаси умумий босқичидаги дастлабки очкосини қўлга киритди.

Олмаота клуби Европа лигасидан чиқиб кетганидан кейин Конференциялар лигасида иштирок этиш имкониятига эга бўлди. Плей-офф босқичида Рафаэль Уразбахтин шогирдлари Бельгиянинг «Андерлехт» клубига икки марта 0:3 ҳисобида мағлуб бўлишган эди.

«Қайрат» Конференциялар лигасидаги навбатдаги учрашувини 22 октябрь куни ўз майдонида Грециянинг «Панатинаикос» клубига қарши ўтказади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ