Россия ТИВ: Россия ва Қозоғистон маркетплейсларни интеграция қилмоқда

magnific.com сайти фотосурати

Россия ва Қозоғистон маркетплейсларни интеграция қилиш бўйича иш олиб бормоқда, деди Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин ТАСС агентлигига III Россия–Қозоғистон медиафоруми доирасида.

Мулозим таъкидлашича, бу масала Киевнинг омборлар ва логистика хабларига қилган ҳужумларидан анча олдин «иқтисодий кун тартибимизда» бўлган. У Россия компанияларининг омбор қувватларини Қозоғистонда жойлаштириш имконияти ҳақидаги саволга шундай жавоб берди.

«Биз биламизки, OZON ва Wildberries платформаларида аллақачон юз минглаб қозоғистонлик етказиб берувчилар рўйхатдан ўтган», — деди Галузин. Унинг қўшимча қилишича, бу йўналишдаги ишлар давом этмоқда ва бунга Остона ҳамда Москва ўртасидаги анъанавий чуқур иқтисодий алоқалар ёрдам бермоқда.

18 июлдан бошлаб Украина томонидан Санкт-Петербург, Москва вилояти, Қрим, Тамбов ва Воронеж вилоятлари, шунингдек, Ставрополь ва Краснодар ўлкаларидаги Wildberries логистика мажмуаларига зарбалар берилган. Умумий майдони қарийб 444 минг квадрат метр бўлган камида тўртта омбор мажмуаси вақтинча ишдан чиққан. Wildberries асосчиси Татьяна Ким Украина ҳаракатларини «бир вақтнинг ўзида ўнта мамлакатдаги юзлаб миллион одамларга таъсир қилган террорчилик ҳаракати» деб атади. Унинг сўзларига кўра, зарар фақат россиялик тадбиркорларга эмас, балки Қозоғистон, Беларусь, Қирғизистон, Арманистон, Ўзбекистон ва Хитой бизнес вакилларига ҳам етган.

Яқинда «Коммерсантъ» газетаси Россиядаги объектларга қилинган бир қатор дрон ҳужумларидан кейин Wildberries Қозоғистонда қўшимча омбор майдонларини қидираётгани ҳақида ёзган эди. Бироқ Қозоғистон ҳукумати компания ҳозирча республика ҳукуматига бундай таклифлар билан мурожаат қилмаганини маълум қилди.

Россия ва Қозоғистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзолиги туфайли товарлар икки мамлакат ўртасида эркин ҳаракатланиши мумкин, бу эса фулфилмент марказлари ўртасида захираларни қайта тақсимлаш имконини беради. Бироқ таҳлилчилар фикрича, товарларнинг бир қисмини Қозоғистонга кўчириш логистика харажатлари ва етказиб бериш муддатларини ошириши мумкин.