Ўзбекистонда буюк мутафаккир Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллиги кенг нишонланади

Ҳаким Термизий ёдгорлик мажмуаси. ИЦМ фотосурати

Ўзбекистонда ҳадис ва тасаввуф илмининг етук намоёндаси Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллиги кенг нишонланади. Бу ҳақдаги қарорни мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев имзолади, деб хабар қилади Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати.

Гап ал-Ҳаким ат-Термизий ҳақида бормоқда. Уни минтақада туғилган яна бир машҳур муҳаддис — Имом ат-Термизий билан адаштирмаслик лозим. Имом ат-Термизий таваллудининг 1200 йиллиги Ўзбекистонда 2024 йили кенг нишонланган эди.

2026 йил ноябрь ойида Термиз шаҳрида «Ҳаким Термизий илмий-маънавий меросининг бугунги кундаги аҳамияти» мавзусида халқаро илмий конференция ўтказилади. Унда Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлардан келган олимлар иштирок этиб, мутафаккирнинг ҳадисшунослик, тасаввуф ва ислом фалсафаси ривожига қўшган ҳиссасини муҳокама қиладилар.

Шунингдек, алломанинг «Наводирул усул» ва «Баҳрут тафсир» асарлари ҳамда унинг илмий меросига оид бошқа манбаларнинг ўзбек ва хорижий тиллардаги илмий-изоҳли академик таржималарини нашр этиш белгиланган.

Ҳаким Термизий асарлари билими бўйича диний таълим муассасалари талабалари ўртасида танлов ўтказилади. Ғолиблар мукофотланади. Шунингдек, юбилей муносабати билан ўзбек миллий кураш бўйича «Мардлар майдони» шиори остида турнир ташкил этилади.

Ҳаким Термизий — Термиз шаҳрида туғилган буюк муҳаддис, муфассир ва тасаввуф илмининг энг йирик намояндаларидан бири ҳисобланади. Унинг асарлари ислом маънавияти, ахлоқ, комил инсон тарбияси ва маърифий қарашларнинг шаклланишида муҳим аҳамият касб этган.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 460 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ