Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази кутубхонаси фонди Уммон Султонлигидан тақдим этилган 1000 та китоб билан бойитилди. Бу ҳақда Марказ матбуот хизмати хабар берди.
Тақдим этилган китоблар ислом тарихи, Қуръон тафсири, ҳадисшунослик, фиқҳ, ақида, араб тили, ислом цивилизацияси тарихи ва бошқа қатор йўналишларни қамраб олади.
Китобларни топшириш маросимида Уммонда фаолият юритувчи Orabi International Group ташкилоти раҳбари, тадқиқотчи ва жамоат арбоби доктор Муҳаммад Закария Оробий, Дин ишлари бўйича қўмита вакиллари, Марказ раҳбарияти, олимлар ва соҳа мутахассислари иштирок этди.
Марказ директор ўринбосари Гулнора Ғаниева янги нашрлар тадқиқотчилар учун манбалар базасини кенгайтиришини ва ёш олимларни тайёрлаш жараёнида фойдаланилишини таъкидлади.
«Ўмон Султонлигидан тақдим этилган мазкур китоблар нафақат кутубхона фондини бойитади. Улар ислом цивилизацияси тарихи, ислом ҳуқуқи, тафсир, ҳадис, ақида, араб тили ва бошқа йўналишларда фундаментал тадқиқотларни кенгайтириш учун мустаҳкам манба вазифасини бажаради. Бу эса янги авлод олимларини тайёрлашга ҳам хизмат қилади», — деди Гулнора Ғаниева.
Муҳаммад Закария Оробий китобларнинг тақдим этилишини Уммон ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий ҳамда илмий алоқалар ривожининг рамзи деб атади.
«Бу шунчаки китоблар эмас. Бу илмга бўлган ҳурмат, маърифатга садоқат ва халқлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлайдиган интеллектуал кўприкдир. Биз Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш ташаббусини юксак қадрлаймиз. Бу марказ бутун ислом оламининг илмий меросини бирлаштирувчи нуфузли платформага айланишига ишонамиз», — деди доктор Оробий.
Дин ишлари бўйича қўмита раиси биринчи ўринбосари Давронбек Мақсудов келиб тушган адабиётлар тадқиқотчилар, ўқитувчилар, магистрантлар ва ёш олимлар учун манбалар базасини кенгайтириш имконини беришини қўшимча қилди.
Маросим якунида томонлар қўшма тадқиқотларни ривожлантириш, китоблар алмашинувини йўлга қўйиш, илмий экспедициялар ташкил этиш ва академик дастурларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирди.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 460 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.



