Ўзбекистон ислом меросини ягона рақамли тизимга бирлаштиришни таклиф қилди

Форум. ИЦМ фотосурати

Ўзбекистон Бутунжаҳон ислом цивилизацияси альянсини ташкил этиш, қўлёзмаларнинг глобал рақамли реестрини яратиш ва мусулмон меросини тадқиқ қилиш бўйича халқаро жамғарма тузишни таклиф қилди. Бу ҳақда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур ташаббус июль ойида Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида бўлиб ўтган Ислом цивилизацияси бўйича биринчи халқаро «Тинчлик, бағрикенглик ва маърифат йўли» форуми якунлари асосида илгари сурилди.

Реестрга қўлёзмалар, архив ҳужжатлари, музей коллекциялари, меъморий ёдгорликлар, археологик объектлар, номоддий мерос элементлари ҳамда илмий тадқиқотлар натижаларини киритиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, глобал рақамли кутубхона ва ислом цивилизацияси бўйича кўп жилдли халқаро энциклопедия яратиш, тадқиқот жамғармаси ва халқаро мукофот таъсис этиш, «Ислом цивилизацияси — бутун инсоният мероси» дастурини ишга тушириш ҳамда ислом маданияти, санъати ва цивилизацияси музейларининг халқаро иттифоқини шакллантириш таклиф қилинди.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 460 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ