Қозоғистон Кашаған операторини 4,9 миллиард долларлик жаримани тўламаганлик учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантирди

ncoc.kz сайти фотосурати

Қозоғистон ҳукумати North Caspian Operating Company (NCOC) консорциуми ижрочи директори Жанкарло Руюни суд қарорини бажармаслик, яъни 2,3 триллион тенге (тахминан 4,9 миллиард доллар) миқдоридаги экологик жаримани тўламаслик маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилиш учун асос бўлиши борасида огоҳлантирди. Бу ҳақда вазиятдан хабардор икки манбага таяниб, Reuters хабар берди.

Агентлик маълумотларига кўра, консорциум раҳбарига расмий билдиришномани Қозоғистон Адлия вазирлигининг Атирау вилояти бўйича давлат суд ижрочиси юборган.

Гап Қозоғистон ҳукумати 2023 йилда Кашаған конида олтингугуртни рухсат этилган миқдордан ортиқ сақлагани учун NCOCга солган жарима ҳақида кетмоқда. Консорциум билдирилган даъволарни тан олмаган ва жаримани тўлашдан бош тортган. Ҳозирда NCOC ушбу қарорни халқаро арбитражда баҳслашмоқда.

Ўтган ҳафта UNCITRAL арбитраж трибунали Қозоғистонга нисбатан таъминлов чораси тўғрисида қарор чиқариб, иш кўриб чиқилиши якунлангунига қадар мажбурий ундириш чораларини қўллашни тақиқлади. Қозоғистон Адлия вазирлиги эса, ўз навбатида, жарима қонуний эканини ва у миллий судлар қарорлари билан тасдиқланганини билдирди.

Вазирлик, шунингдек, Қозоғистон суди қарори 20 июлга қадар ихтиёрий равишда бажарилиши кераклигини маълум қилган. Ушбу муддат тугаганидан сўнг ҳукумат мажбурий ундириш чораларини, жумладан ундирув суммасининг 10 фоизи миқдорида қўшимча ижро йиғимини қўллаш ҳуқуқига эга бўлган.

Кашаған — Қозоғистондаги энг йирик нефть конларидан бири. Уни ўзлаштираётган NCOC консорциуми таркибига Shell, Eni, TotalEnergies, ExxonMobil, CNPC, Inpex компаниялари ҳамда миллий «ҚазМунайГаз» компанияси киради.