Тожикистон президенти амнистия тўғрисидаги қонунни имзолади

asiaplus.news сайти фотосурати

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 16 июнь куни амнистия тўғрисидаги қонунни имзолади. Амнистия 18 мингдан ортиқ кишини қамраб олади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Амнистия Тожикистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан эълон қилинган бўлиб, ушбу сана 9 сентябрь куни нишонланади.

Қонунга мувофиқ, қамоқхоналар ва колония-посёлкалардан, шунингдек жамиятдан ажратмаган ҳолда қўлланадиган бошқа жазолардан 11 305 нафар шахс озод этилади. Яна 6 733 нафар маҳкумнинг жазо муддати қисқартирилади.

Матбуот хизмати қонунда аёллар ва вояга етмаганлар учун алоҳида енгилликлар назарда тутилганини таъкидлайди. 507 нафар маҳкума аёлдан 248 нафари озодликка чиқади, қолганларининг жазо муддати қисқартирилади. Шунингдек, 134 нафар вояга етмаган маҳкумдан 99 нафари озод қилинади, 35 нафарининг жазо муддати камайтирилади.

«Амнистия тўғрисида»ги қонун суд, суриштирув ва тергов органлари иш юритувида бўлган фуқароларга ҳам татбиқ этилади. Маҳаллий ҳокимиятлар ва давлат органларига озодликка чиққан шахсларни рўйхатдан ўтказиш, ўқитиш ва иш билан таъминлашда кўмаклашиш вазифаси юклатилган.

Қонун ижросини таъминлаш учун икки ой муддат белгиланган.

Сўнгги марта Тожикистонда амнистия 2021 йил июль ойида, мустақилликнинг 30 йиллиги муносабати билан эълон қилинган эди. Ўшанда 25 мингдан ортиқ гумонланувчи, айбланувчи, судланувчи ва маҳкум амнистияга тушган.

Тожикистонда амнистия одатда муҳим давлат байрамларининг юбилей саналари муносабати билан эълон қилинади. Масалан, 2019 йилда Конституция қабул қилинганининг 25 йиллиги муносабати билан 20 мингдан ортиқ маҳкум, 2014 йилда Конституциянинг 20 йиллиги муносабати билан 10 минг киши, 2011 йилда эса давлат мустақиллигининг 20 йиллиги шарафига 15 минг нафар Тожикистон фуқароси афв этилганди.