АҚШ ноқонуний мигрантларга ёрдам берган иккита ўзбек компанияси раҳбарларининг мамлакатга киришини тақиқлади

АҚШ Давлат департаменти Қўшма Штатларга ноқонуний иммиграцияга ёрдам бергани аниқланган Ўзбекистон фуқароларига виза чекловларини жорий қилди, деб хабар беради Давлат департаменти матбуот хизмати.

Чекловлар визаларни расмийлаштириш хизматини кўрсатувчи иккита ўзбек компанияси раҳбарлари ва юқори лавозимли ходимларига нисбатан жорий этилган. Улар «асосий мақсади Қўшма Штатларга ноқонуний боришни истаган чет элликларга атайин туризм хизматларини тақдим этишган». Маршрутлар аэропортлар ва қуруқликдаги ўтиш жойлари орқали Марказий Америкадаги транзит пунктларига бориб тақалган, у ерда мигрантлар кейинчалик АҚШ чегарасини ноқонуний равишда кесиб ўтишга уринаётганда қўлга олинган.

Баёнотда чекловлар жорий этилган компания ва шахслар номи келтирилмаган.

Чоралар Иммиграция ва фуқаролик тўғрисидаги қонуннинг — Immigration and Nationality Act (INA) 212(а)(3)(C) бўлимига мувофиқ кўрилган. Ушбу қоида одатда АҚШ ташқи сиёсати учун жиддий салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган шахсларнинг мамлакатга киришини тақиқлайди.

«Қўшма Штатлар миллий хавфсизлигимиз ёки иммиграция қонунларимизни бузишга қаратилган ҳар қандай уринишга тоқат қилолмайди», — деб таъкидлайди Давлат департаменти. Департамент шунингдек, «чегараларимиз ва миллий хавфсизлигимизни ҳимоя қилиш учун одам контрабандаси тармоқларини фаол равишда таъқиб қилишини» маълум қилди.

АҚШ томони Ўзбекистон ҳукуматига алоҳида миннатдорчилик билдирган.

«Қўшма Штатлар яна бир бор АҚШга ноқонуний иммиграцияни ташкил этаётган жиноий тармоқларга қарши курашда яқин ҳамкорлик қилаётгани учун Ўзбекистон ҳукуматига чуқур миннатдорчилик билдиради», — дейилади Давлат департаменти баёнотида.

Аввалроқ, 2026 йил январь ойида АҚШ ҳукумати Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон каби 75 мамлакат фуқароларига иммиграция визаларини расмийлаштиришни тўхтатиб қўйган эди.

  • Тошкентда «Рассом ва табиат» XL юбилей кўргазмаси бўлиб ўтди

  • Нима учун Ўзбекистон яна бир бор газ тақчиллигига дуч келгани ва яна бир бор ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолиятини чеклагани ҳақида

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Россия матбуоти «нато» снарядлари туфайли Қозоғистонга ҳужум қила бошлади