Қирғизистонда муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказишга чақирувчи мурожаатга имзо чеккан 75 кишидан учтаси ҳибсга олинди, деб хабар беради Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати.
Ҳибсга олинганларнинг исмлари ошкор қилинмаган. AKIpress улар «Халқ парламенти» ҳаракати координатори ва Бош вазир аппаратининг собиқ раҳбари Бекболот Талгарбеков, Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Эмилбек Узоқбоев ва президентнинг Жогорку Кенешдаги (парламент) собиқ ваколатли вакили Курманбек Дийканбаев эканини аниқлаган.
Учаласи ҳам Қирғизистон Жиноят кодексининг 278-моддаси («Оммавий тартибсизликлар») бўйича ҳибсга олинган.
75 нафар имзо чекканларнинг барчаси жиноят иши доирасида Ички ишлар вазирлигининг Тергов хизматига олиб кетилган. Уч киши вақтинчалик ҳибсхонага жойлаштирилган, қолганлари эса сўроқ қилингандан сўнг қўйиб юборилган. Ҳибсга олинганларнинг турар жойларида тинтув ўтказилган.
Президент ва парламент спикерига йўлланган мурожаат 9 февраль куни эълон қилинди. Унда дарҳол янги президентлик сайловларини бошлаш ҳақида сўз юрилади. Муаллифларнинг фикрича, 2021 йили янги Конституциянинг қабул қилиниши эски қоидалар асосида сайланган амалдаги давлат раҳбарининг ваколат муддатига нисбатан ҳуқуқий ноаниқликларни келтириб чиқарган. Уларнинг фикрича, муддатидан олдинги сайловлар низолар ва ноаниқ талқинларнинг олдини олишга ёрдам беради. Хатда имзо чекувчилар, шунингдек, амалдаги ҳукуматнинг ютуқларини — чегара муаммоларини ҳал қилиш, коррупцияга қарши кураш, армияни мустаҳкамлаш ва ижтимоий яхшиланишларни — таъкидлаб ўтишган, шунингдек, давлат қарзининг ўсаётгани, инфляция кучаётгани ва аҳолининг четга чиқиб кетаётгани каби муаммоларни ҳам таъкидлашган. Мурожаатга олимлар, собиқ Бош вазирлар, собиқ парламент аъзолари ва жамоат арбоблари имзо чекишган.
«Ушбу мурожаатда келтирилган айрим баёнотлар кенг жамоатчилик норозилигига сабаб бўлди ва мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий вазиятни янада кескинлаштирди», — дейилади ИИВ хабарида.
Эртаси куни, 10 февралда президент Садир Жапаров Қамчибек Ташиевни Бош вазир ўринбосари ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раҳбари лавозимидан озод қилди. У ўз қарорини «жамиятда, жумладан, давлат идоралари ўртасида бўлинишнинг олдини олиш ва аксинча, бирликни мустаҳкамлаш» истаги билан изоҳлади. Кейинчалик у бўлинишнинг олдини олиш деганда Ташиевни назарда тутмаганини айтди.
«Гап Бекболот Талгарбеков, Эмилбек Узоқбаевга ўхшаган шахслар ҳақида кетяпти, зеро улар Камчибек Ташиев номини ниқоб қилиб, парламент аъзоларидан тортиб жамоат арбоблари ва зиёлиларгача бўлган турли одамларга қўнғироқ қилишган ва «генерал томонига ўтинг, бунга имзо чекинг, келинг ундоқ қилайлик, келинг бундоқ қилайлик ва ҳоказо» дея уларни турли ҳаракатларга ундашган»— деб тушунтирди Жапаров.



