Қирғизистон президенти Садир Жапаров Саудия тараққиёт фонди (СТФ) билан 50 миллион долларлик кредит шартномасини ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Маблағлар давлат мактабларини қуриш учун ишлатилади, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.
Қонун Қирғизистон Жогорку Кенеши (парламенти) томонидан 2026 йил 29 январда қабул қилинган. Шартноманинг ўзи 2025 йил 9 октабрда Бишкекда имзоланган.
Ҳужжатга кўра, кредит 187,5 миллион Саудия риалида берилади, бу 50 миллион долларга тенг. Маблағлар АҚШ долларида 25 йил муддатга, шу жумладан беш йиллик имтиёзли даврга, йиллик 1,5% фоиз ставкаси билан ажратилган.
Ушбу маблағлар Бишкекда бешта янги умумтаълим мактаби ва пойтахтдаги мавжуд мактаблар учун еттита қўшимча мактаб биноси қуриш учун режалаштирилган. Чуй вилоятида яна иккита янги мактаб қурилади. Янги таълим муассасаларининг лойиҳавий сиғими 150 дан 1000 гача ўқувчини ташкил қилади.
2025 йил ёзида Қирғизистон Таълим вазирлиги мамлакат бўйлаб мактабларда 163 000 ўрин етишмаслиги ҳақида хабар қилганди. Мамлакатда 1,5 миллиондан ортиқ ўқувчи ва 2153 та умумий таълим муассасаси мавжуд. Турли сиғимдаги қўшимча 223 та мактаб қуриш талаб қилинади.



