Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева иштирокида ходимлар йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда марказ матбуот хизмати хабар берди.
Мажлисда Марказ кутубхонасини лойиҳалаш, автоматлаштириш тизими ва фондни тўлдириш масалалари муҳокама қилинди. Очиқ аукцион савдолари орқали мамлакат тарихи, маданияти ва цивилизациясига оид қўшимча 5 минг дона китоб сотиб олиш таклифи билдирилди. Бугунги кунда кутубхона фонди 30 минг нусхадан ортиқ асарлардан иборат.
Кутубхонани шакллантириш бўйича ишлар давом этмоқда: топширилаётган ноёб нашрларни жойлаштириш ва китоблар хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари, хусусан, RFID технологияси асосида чипларни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.
Умида Тешабоева Марказий кутубхонани ташкил этишга энг кучли мутахассислар жалб этилганини таъкидлади. Koha дастури ёрдамида кутубхонани автоматлаштириш режалаштирилган. Шу билан бирга, хабар қилинишича, Марказ кутубхонаси ишига жалб этиладиган ходимлар сони 200 нафардан ошади.
Шунингдек, Марказнинг хабар беришича, яқин кунларда кутубхона бўлими масъуллари томонидан амалга оширилиши режалаштирилган илмий ва инновацион лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтади.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилмоқда. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.



