АҚШ ҳукумати Афғонистонни қайта тиклаш бўйича махсус бош инспектор идорасини (SIGAR) ёпишга қарор қилди. SIGAR бу ҳақда Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.
«Афғонистонни қайта тиклаш бўйича махсус бош инспектор идораси (SIGAR) 2026 йил 31 январда фаолиятини тўхтатади. SIGARнинг 17 йиллик фаолияти давомида мустақил назорат ишларини кузатиб борган, унинг ресурсларидан фойдаланган ва идорани қўллаб-қувватлаган барчага миннатдорчилик билдирамиз», — дейилган постда.
SIGAR веб-сайти ўчирилган. Унинг архивланган версияси энди Шимолий Техас университетининг «Киберқабристони» («CyberCemetery») да сақланмоқда.
ℹ️ SIGAR коррупция, исрофгарчилик ва нотўғри бошқарув ҳақидаги хавотирлардан сўнг Афғонистонни қайта тиклаш харажатларини мустақил назорат қилиш учун АҚШ Конгресси ташаббуси билан ташкил этилган. Агентлик юзлаб аудитлар ва текширувлар ўтказган, тизимли муаммоларни, жумладан, афғон ҳарбийларининг иш ҳақи жадвалидаги арвоҳ аскарлар, тугалланмаган инфратузилма лойиҳалари ва америкалик пудратчилар ва афғон расмийлари иштирокидаги кенг тарқалган фирибгарликни ҳужжатлаштирган.
2025 йил декабрь ойи охирида SIGAR ҳисоботини эълон қилди, унда 2002 йилдан бери АҚШ Афғонистонга 148 миллиард доллардан ортиқ молиявий ёрдам юборгани, аммо пулнинг катта қисми маҳаллий амалдорлар орасида коррупция авж олгани ва назоратнинг йўқлиги туфайли беҳуда сарфлангани айтилган. Ҳисоботда шунингдек, Қўшма Штатлар Иккинчи Жаҳон урушидан кейин Маршалл режаси бўйича Европа давлатларини қайта тиклашга сарфлаганидан кўра демократик Афғонистонни қуришга кўпроқ пул сарфлагани таъкидланган.



