Эрон расмийлари намойишларда ўн минглаб одамлар ўлганига оид хабарларни «Гитлер услубидаги ёлғон» деб атади

МОҳСЕНИ-ЭЖЕИ оммавий тартибсизликларга оид суд жараёнига бағишланган учрашувда, 2026 йил 25 январь. PRESSTV.IR сайти фотосурати

25 январь куни Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Эсмаил Багаи мамлакатдаги оммавий норозилик намойишлари пайтида тахминан 30 000 киши ҳалок бўлгани ҳақидаги даъволарни рад этди, деб хабар беради Press-TV.

Багаи Ғарб оммавий ахборот воситалари томонидан тарқатилган бу рақам Адольф Гитлер даврида нацистлар Германиясида қўлланилган усулларни эслатади, зеро у «Улкан ёлғон»ни чексиз такрорланишига таянган, деди.

«Гитлер услубидаги улкан ёлғон: бу улар томонидан Эрон кўчаларида ўлдиришни режалаштирган одамларнинг сони эмасми? Бироқ, бу уларнинг қўлидан келмайди, энди эса улар оммавий ахборот воситаларида бундай сохта маълумотларни тарқатишга ҳаракат қилишмоқда. Бу даҳшат! — деб ёзади Багаи ўзининг X тармоғидаги саҳифасида.

Эрон расмийлари январь ойидаги норозилик намойишларини «хорижий давлатлар томонидан қўллаб-қувватланган тартибсизликлар» ва «террористик ҳаракатлар» деб таърифладилар. Эрон суд ҳокимияти раҳбари Ғуломҳусайн Моҳсени-Эжеи тартибсизликлар ортида АҚШ ва Исроил турганини даъво қилди. Унинг таъкидлашича, бу мамлакатлар воқеаларни нафақат қўллаб-қувватлаган, балки унда бевосита ва очиқчасига роль ўйнашган.

Эрон халқаро инстанцияларга АҚШ, Исроил ва бир нечта террорчи гуруҳларга қарши «Эрон миллий хавфсизлигига қарши қўпорувчилик фаолиятини қўллаб-қувватлагани ва молиялаштиргани» учун даъво аризаси билан мурожаат қилишини эълон қилди.

ℹ️ Эрон ҳукуматининг расмий маълумотларига кўра, январь ойи бошида шаҳар ва қишлоқларда бўлиб ўтган оммавий норозилик намойишлари пайтида 3117 киши ҳалок бўлган, улардан 2427 нафари тинч аҳоли ва хавфсизлик кучлари, шунингдек, 690 нафари «террорчилар» бўлган.

Шу билан бирга, Iran International нашри 8-9 январь кунлари норозилик намойишларини бостириш пайтида хавфсизлик кучлари томонидан 36 500 дан ортиқ одам ўлдирилганини даъво қилмоқда. Одамлар нафақат кўчаларда, балки намойишчилар ётқизилган касалхоналарда ҳам ўлдирилган.

Human Rights Activists News Agency (HRANA) ташкилоти 25 январь ҳолатига кўра, норозилик намойишларида тасдиқланган ўлимлар сони 5848 га етганини, яна 17 091 киши тасдиқланиши кутилаётганини маълум қилди.