Чимкент полиция ходимларига қарши жиноий иш қўзғатилди

Нурай Серикбай. otyrar.kz фотосурати

Чимкентда (Қозоғистон жанубидаги бир миллиондан ортиқ аҳолига эга шаҳар) 21 ёшли қиз Нурай Серикбайнинг ўлдирилгани ҳолати бўйича полиция ходимларига қарши жиноий иш қўзғатилди, деб хабар беради Tengrinews.kz нашри Ички ишлар вазири ўринбосари Санжар Адиловга таяниб.

Унинг сўзларига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ўз вазифасига бепарво бўлганликда гумон қилинмоқда.

«Бепарволик бўйича жиноий иш биринчи навбатда, ўз хизмат вазифаларидан келиб чиқиб, жабрланувчинг никоҳга мажбурлаётганига оид шикоятдан сўнг жиноий иш қўзғатмаган мансабдор шахсларга қарши очилади ва буни биз кўриб турибмиз. (...) Шикоятни қабул қилмаган ва ишни расмий процедура асосида бекор қилган мансабдор шахслар салбий асослар билан ишдан бўшатилди», — деди Адилов.

Унинг қўшимча қилишича, туман полиция бўлими ходимлари асосий жавобгарликни ўз зиммаларига оладилар. Бундан ташқари, шаҳар полиция бўлими раҳбариятига ҳам қонуний баҳо берилади. Яқинда Чимкент полиция бошлиғи Нурлан Алмасбеков ва унинг биринчи ўринбосари Курманбек Сахов ишдан бўшатилгани ҳақида хабар берилган эди.

Нурай Серикбай 11 январь куни Чимкентдаги кўчалардан бирида ўлдирилган. Терговчилар унинг танасида бир неча ўнлаб пичоқ жароҳатларини қайд этганлар. Гумондор икки кундан кейин, шаҳардан 10 километр узоқликда ушланган ва ҳибсга олинган. Ҳужумчи деб тахмин қилинаётган шахс 28 ёшли Шерхон Аймахан экани айтилмоқда. Қизнинг оиласи эркак уни узоқ вақтдан бери таъқиб қилиб келганини таъкидлаган.

ОАВ шунингдек, эркак Серикбайга турмушга чиқиш таклифини бергани, рад этилгани ва кейин қизни ўғирлаб кетгани ҳақида хабар берди. Қизни қариндошлари уйига қайтариб олиб келишган, кейин улар полицияга мурожаат қилишган, аммо ҳеч қандай тергов иши очилмаган.

Талаба қизнинг ўлдирилиши Қозоғистонда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев ҳатто бу ҳақда фикр билдирди. 20 январь куни бўлиб ўтган Миллий Қурултой йиғилишида у Ички ишлар вазирлигига Чимкент полицияси ходимлари ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришни, Бош прокурорга эса бу масалани батафсил текширишни буюрди.