Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор аҳолини рўйхатга олиш тадбири бошланди

stat.uz сайти фотосурати

15 январь куни мустақил Ўзбекистон тарихида биринчи марта аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири бошланди.

Тадбирнинг мақсади аҳоли таркиби, миграцияси, оилавий ҳолати, фаолияти ва даромад манбалари, шунингдек, қишлоқ хўжалиги тузилмаси ва ҳолатига оид батафсил маълумотлар йиғишдир.

Аҳолини рўйхатга олиш тадбири 26 февралгача давом этади. У тахминан 38 миллион кишини қамраб олади, мамлакатда бир йилдан ортиқ вақт давомида бўлмаган фуқаролар бундан мустасно.

Дастлабки 17 кун давомида маълумотлар онлайн тарзда, кейинги ой давомида эса «маҳалла еттилиги» вакиллари билан уйма-уй юриб сўровлар ўтказилади.

Аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказишда иштирок этган фуқаролар энг кам иш ҳақининг бир ярим баравари – 1,9 миллион сўм (153 доллар) миқдорида бир марталик тўлов оладилар. Барча аҳолини рўйхатга олиш иштирокчилари махсус планшетлардан фойдаланадилар.

ℹ️ Ўзбекистонда охирги умумий аҳолини рўйхатга олиш 1989 йили СССР Бутуниттифоқ аҳолини рўйхатга олиш доирасида ўтказилган. Сўнгги йилларда мамлакат расмийлари бу соҳадаги саъй-ҳаракатларини кучайтирдилар: аҳолини камида 10 йилда бир марта, қишлоқ хўжалиги секторини эса камида 5 йилда бир марта рўйхатга олишни белгиловчи қонун қабул қилинди.

2021 йили Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олишнинг синов босқичи, 2022 йили эса қишлоқ хўжалиги бўйича синов босқичи ўтказилди. Бироқ, тўлақонли умумхалқ кампаниясини ташкил этиш қўшимча вақт талаб қилди: расмийлар халқаро тажрибани ўрганиб, методологияни ишлаб чиқдилар ва ташкилий ва методологик ҳужжатларга зарур тузатишлар киритдилар, бу эса асосий аҳолини рўйхатга олишни кейинга қолдиришга олиб келди.

2019 йили аҳолини рўйхатга олиш харажатлари тахминан 100 миллион долларга баҳоланганди — жон бошига 3 доллар. 2024 йили бюджет 64 миллион долларгача қисқартирилди, чунки расмийлар маълумотларни тўплашнинг қоғозга асосланган усулидан воз кечишга қарор қилишди, бу эса аҳолини рўйхатга олувчилар сонини 155 000 дан 70 000 гача камайтиради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ