Тожикистонда 250 миллион долларга умумий қуввати 500 МВт бўлган иккита қуёш электр станциясини қурилади

Шартномани имзолаш маросими. Инвестициялар ва давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси фотосурати

Тожикистон ҳукумати ва «Аён Энерджи» компанияси мамлакатда энг йирик қуёш энергияси лойиҳасини амалга ошириш учун 250 миллион долларлик шартнома имзолади, деб хабар беради Инвестициялар ва давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси матбуот хизмати.

Лойиҳа доирасида Сўғд вилоятининг Ашт туманида ва Хатлон вилоятининг Жайҳун туманида ҳар бири умумий қуввати 250 МВт бўлган иккита қуёш фотоэлектр станцияси қурилади. Инвестор 2026 йилга келиб электр станцияларини лойиҳалаш, қуриш ва ишга туширишни якунлашга ваъда қилади.

Янги қуёш электр станциялари Тожикистонга ташқи энергия манбаларига қарамлигини камайтиришга, қишки электр энергияси танқислигини бартараф этишга, электр тармоғидаги юкни камайтиришга ва аҳоли ва бизнесни узлуксиз электр енергияси билан таъминлашга ёрдам беради.

«Азия-плюс» хабар беришича, «Аён Энерджи» оммавий ахборот воситаларида тожик компанияси сифатида тилга олинади. Бироқ, компаниянинг корпоратив тузилиши, асосчилари, тарихи ёки бошқа лойиҳалари ҳақидаги аниқ маълумотлар очиқ манбаларда йўқ.

2024 йил охирида Жанубий Кореянинг Сўғд вилояти ва Тоғли Бадахшон автоном вилоятида (ТБАВ) қуёш электр станцияларини қуришда ёрдам кўрсатиши бўйича протокол имзоланганди. Бироқ, ўша пайтда кўриб чиқилаётган лойиҳаларнинг умумий қуввати 6 МВт ни ташкил этганди.

ℹ️ Тожикистонда, айниқса куз ва қиш фаслларида электр узилишлари мунтазам кузатилади. Мамлакатда кўп йиллар давомида истеъмолчиларга электр энергияси чеклаб келинган. Роғун ГЭСи ишга туширилиши мазкур муаммони ҳал этиши керак эди. Бироқ, муаммо ҳали ҳам бартараф этилмаган. Энергетика вазирлиги узилишларни мамлакатдаги электр энергиясининг тахминан 90% гидроэлектр станциялари томонидан ишлаб чиқарилиши ва ишлаб чиқариш ҳажми совуқ тушган пайтлар дарё оқимлари камайиши билан чамбарчас боғлиқлиги билан изоҳлаб келади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ