Қозоғистон Энергетика вазирлиги Қора денгизда Қозоғистон экспорт нефтини ташийдиган иккита танкерга дронлар ҳужум қилганига оид хабарларни тасдиқлади. Вазирлик бу ҳақда 13 январь куни кечқурун хабар қилди.
Вазирлик маълумотларига кўра, Новороссийск яқинидаги Каспий қувурлари консорсиуми (КҚК) терминали яқинида жойлашган «Matilda» ва «Delta Harmony» танкерларига ҳужум қилинган.
«КазМунайГаз» миллий компаниясининг шўъба корхонаси томонидан ижарага олинган «Matilda» танкери Мальта байроғи остида сузиб юрган. Дрон ҳужумидан сўнг, кемада портлаш аниқланган. Экипаж аъзолари орасида қурбонлар ёки жароҳатланганлар йўқ. Техник хизматчиларнинг дастлабки баҳолашларига кўра, танкер денгизга чиқишга яроқли ва ҳозирча корпусга жиддий зарар етказилгани аниқланмаган, дейилади баёнотда.
Либерия байроғи остидаги «Delta Harmony» танкери юклашни кутаётган пайтда дрон ҳужумига учраган. Натижада ёнғин чиққан, аммо тезда ўчирилган. Экипаж аъзолари орасида ҳеч ким жароҳатланмаган. Ишчи гуруҳ маълумотларига кўра, ҳодиса содир бўлган пайтда кема ҳали нефть билан тўлдирилмаган ва юк баклари бўш бўлган. Шунинг учун, вазирликнинг таъкидлашича, Қозоғистоннинг экспорт ресурсларига ҳеч қандай зарар етказилмаган.
Энергетика вазирлиги ҳозирда «таъминот занжирлари хавфсизлигини ва экспорт таъминоти узлуксизлигини таъминлаш учун» «КазМунайГаз» консорциум маъмурияти ва кема эгалари билан ҳаракатларни мувофиқлаштирмоқда.
Reuters агентлиги 13 январь куни ўз манбаларига таяниб, Қора денгизда нефть танкерларига дрон ҳужумлари ҳақида хабар берди. Шунингдек, у яна иккита кема — Delta Supreme ва Freudга КҚК терминалига кетаётганда ҳужум қилинганини даъво қилди, аммо бу маълумот тасдиқланмади.
Каспий қувурлари консорциуми (КҚК) Каспий минтақасидан глобал бозорларга нефть ташишнинг энг йирик йўналиши ҳисобланади. 1500 километрлик қувур линияси Ғарбий Қозоғистондаги конларни (Тенгиз, Қорачиғаноқ ва Кашаған) Россиянинг Қора денгиз соҳиллари билан боғлайди, у ерда нефть КҚК денгиз терминаллари орқали танкерларга юкланади.
Сўнгги ойларда ушбу йўналиш орқали юк ташиш сезиларли даражада камайган. Ёмон об-ҳаво туфайли юклаш бир неча бор тўхтатилди. Иккинчи бардошли лангарни ишга тушириш ҳам техник хизмат кўрсатишдан сўнг кечиктирилди. Ноябрь ойи охирида яна бир лангар Украина дронлари томонидан шикастланди. Ҳозирда Қозоғистон нефти экспорт ҳажмини сақлаб қолиш учун камида иккита операцион лангарга муҳтож бўлишига қарамай, ягона операцион лангар орқали юкланмоқда.
Bloomberg илгари Қозоғистон кунига тахминан 1,8 миллион баррел ишлаб чиқараётгани ҳақида хабар берган эди. КҚК тўлиқ ишламаса, мамлакат бу ҳажмнинг фақат ярмини муқобил йўллар орқали экспорт қила олади ва узоқ вақт давомида ишларнинг тўхтаб туриши конларда ишлаб чиқаришни қисқартиришга мажбур қилади.



