Ўзбекистон ҳукумати саккиз мингдан ортиқ етим болалар учун омонат депозит ҳисоб рақамларини очди

Ўзбекистон Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистонда 8 минг нафардан ортиқ етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун омонат депозит ҳисоб рақамлари очилди. Ушбу ташаббус Янги йил байрамига кўрк бағишлайдиган «Президент арчаси» доирасида амалга оширилди, деб хабар беради Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизмати.

0 дан 17 ёшгача бўлган 8 минг нафардан ортиқ болалар учун очилган ҳисоб рақамига давлат томонидан 500 АҚШ доллари миқдорида маблағ жойлаштирилди. Ушбу маблағлар йилдан-йилга капитализация ҳисобига жамғарилиб боради. Бола 18 ёшга тўлгач, ушбу маблағлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Бундан ташқари, 9 ёшдан юқори бўлган болалар ва уларнинг қонуний вакилларига ижтимоий карталар берилди. Ушбу карталар болаларга жамоат транспортидан имтиёзли нархларда фойдаланиш ва турли хизматлар учун тўловларни амалга ошириш имконини беради. Ушбу карталар уларнинг шахсини ва ижтимоий ёрдам олиш ҳуқуқини тасдиқлаш воситаси бўлиб хизмат қилади. Барча операцияларни Baraka мобил иловаси орқали кузатиш мумкин.

Ёрдам олувчилар рўйхатига қуйидагилар киради:

▪️ маҳаллаларда истиқомат қилувчи етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар;

▪️ меҳрибонлик уйлари, оилавий ва кичик ҳажмли болалар уйлари ҳамда SOS болалар қишлоқлари тарбияланувчилари;

▪️ ота-оналари Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш чоғида ҳалок бўлган болалар;

Бундан ташқари, «Таскин» болалар хосписида даволанаётган болалар учун алоҳида тартиб белгиланган: депозит ҳисоб рақамидаги маблағлар заруратга кўра ва қонуний вакиллар мурожаати асосида исталган вақтда банк картасига ўтказилиши мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ