Қозоғистонлик депутат Назарбоевнинг чет элга ташрифларини чеклашни таклиф қилди

Владимир Путин ва Нурсултон Назарбоевнинг 2025 йил 29 май учрашуви видеосидан кадр

Қозоғистон Мажилиси (парламентнинг қуйи палатаси) аъзоси Ермурат Бапи давлат сирларига кириш ҳуқуқига эга собиқ юқори лавозимли амалдорларнинг чет элга сафар қилишини қонуний равишда чеклашни таклиф қилди. У бу ҳақда Facebookдаги (РФда экстремистик деб тан олинган ва тақиқланган Meta корпорациясига тегишли тармоқ) саҳифасида ёзган.

«Сиз нима деб ўйлайсиз, ҳамкасб-юристлар ва депутатлар? Биз шундай қонун ташаббуси билан чиқа оламизми?» — дея Бапи мурожаат қилади ҳамкасб-депутатларга.

У шунга ўхшаш чекловлар, масалан, Хитойда ҳам мавжудлигини таъкидлаб, фаолияти миллий хавфсизликка таҳдид солиши мумкин бўлган собиқ амалдорлар учун чегарада «қизил байроқчалар» ўрнатишни таклиф қилди.

Бундай ташаббус Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ва Россия раҳбари Владимир Путин ўртасидаги яқинда Кремлда бўлиб ўтган учрашув туфайли илгари сурилди. Россия президенти матбуот хизмати ўтган ҳафта охирида бўлиб ўтган учрашув ҳақида қисқача хабар берди. Назарбоевнинг Москвага ташрифи мақсади, шунингдек, учрашув мазмуни баёнотда кўрсатилмаган.

Бапи ўз постида собиқ президентнинг Москвага сафарини «ноўрин уриниш» ва «ғалати хатти-ҳаракат» деб атаган. Кейинчалик, журналистлар билан суҳбатда депутат собиқ президент аҳволидан афсусда эканини, «ўз мамлакатида дастак тополмаганини» айтган.

«Мен ўз мамлакатида, ўз халқи орасида ҳимоя топа олмаган одамга ачинаман. Энди у чет элда дастак излашга мажбур. Бу собиқ президент учун фожиадир», — дея депутат сўзларини келтиради Курсив.kz.

Бапи фуқаролик жамияти нуқтаи назаридан собиқ президентнинг бундай ҳаракатлари мамлакат манфаатларига зарар етказишини ва хавотирга сабаб бўлишини қўшимча қилган.

Шуни таъкидлаш жоиз, Владимир Путин Қозоғистоннинг собиқ президенти билан мунтазам равишда учрашиб туради. Аввалги бундай учрашув шу йилнинг май ойида бўлиб ўтганди. Назарбоевнинг матбуот котиби Айдос Укибай ўша пайтда учрашув шахсий бўлганини айтиб, икки сиёсатчини «давлат ваколатларидан қатъи назар, ўртада сақланиб қолган дўстона муносабатлар» боғлаб туришини қўшимча қилганди.

Бунга қадар Путин Назарбоевни 2024 йил декабрь ойида Ново-Огарёвода қабул қилган эди. Улар, шунингдек, 2023 йил декабрь ойида собиқ Қозоғистон раҳбарининг Москвага ташрифи давомида ва 2022 йил июнь ойида учрашишган. 2021 йил декабрь ойида Назарбоев Санкт-Петербургда бўлиб ўтган норасмий МДҲ саммити олдидан Путин билан музокаралар олиб борган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ