Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) йил охирига келиб тарихда биринчи марта 145 миллиард доллардан ошди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни Олий Мажлис (парламент) ва халққа мурожаатида маълум қилди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.
«Бундан тўққиз йил олдин иқтисодиётимиз ҳажмини 100 миллиард долларга етказиш биз учун жуда катта марра бўлиб кўринарди. Бу йил тарихимизда биринчи марта ялпи ички маҳсулотимиз 145 миллиард доллардан ошди. Бундай юксак натижалар халқимизнинг, барчамизнинг қандай улкан ишларга қодир эканимизни яққол намоён этмоқда», — деди Мирзиёев.
У «Ўзбекистон 2030» стратегиясида 2030-йилга келиб ЯИМни 160 миллиард долларга етказиш мақсади қўйилганини эслатиб ўтди. Бироқ, ислоҳотларнинг ҳозирги суръати ва бизнес фаоллиги бу муддатни қайта кўриб чиқиш имконини беради.
«Ушбу маррага 2026 йилнинг ўзида бемалол эриша оламиз», — деди Мирзиёев.
Шундан сўнг президент
2026 йили Ўзбекистон иқтисодиёти 6,6 фоизга ўсиши ва ЯИМни 167 миллиард долларга етказиш прогноз қилинаётганини маълум қилди.
Ушбу режаларни амалга ошириш учун саноатда «Ҳосилдорлик ва самарадорликни икки баравар ошириш» дастури ишга туширилади. Асосий эътибор харажатларни камайтириш ва энергияни тежашга қаратилади. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги меҳнат унумдорлиги ва энергия самарадорлигини ошириш бўйича алоҳида лойиҳани амалга оширади. Бунинг учун халқаро молия институтларидан умумий қиймати 200 миллион долларлик кредитлар ва грантлар ажратилади.
Лойиҳа хорижий технологлар ва муҳандисларни жалб қилиш, бизнес жараёнларини рақамлаштириш ва энергия аудитларини ўтказишни ўз ичига олади. Бу борада «Тўртинчи саноат инқилоби маркази» ташкил қилинади. Марказ негизида робототехника, «буюмлар интернети» (IoT), «ақлли фабрика» каби «Индустрия 4.0» ечимларини саноат корхоналарида жорий этиш учун «тартибга солиш механизми» яратилади.
Компаниялар янги технологияларни ишлаб чиқаришга тўлиқ жорий этишдан олдин марказда синовдан ўтказиш имкониятига эга бўлади. Кадрларни тайёрлаш орқали иқтисодиёт кейинги беш йил ичида 240 миллиард долларга ўсиши мумкин, деди Мирзиёев.
Президент глобал савдо қоидалари ўзгараётган шароитда Ўзбекистон экспорти бу йил 23 фоизга ўсиб, 33,4 миллиард долларга етганини таъкидлади. Мамлакатнинг олтин-валюта захиралари ҳам рекорд даражага етди ва биринчи марта 60 миллиард доллардан ошди.
Жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми 43,1 миллиард долларни ташкил этди ва унинг ЯИМдаги умумий улуши 31,9 фоизга етди. Мирзиёевнинг таъкидлашича, ушбу маблағлар келгуси йилларда мамлакатда барқарор ва тезлаштирилган иқтисодий ўсиш учун замин яратади.
Халқаро рейтинг агентликлари Ўзбекистоннинг суверен рейтингини «ВВ-« дан «ВВ» га кўтарди.
«Биргина ана шу ўзгариш туфайли четдан жалб қилинадиган ресурсларнинг фоиз ставкаси 1-1,5 пунктга пасайиб, ташқи қарз харажати йилига 250-300 миллион долларга камаяди», — дет тушунтирди президент.
Шунингдек, Ўзбекистон Жаҳон банкининг Технологик етуклик индексидаги ўрнини яхшилади, 71 поғона юқорига кўтарилди ва энг яхши 10 та мамлакат қаторига кирди, деб қўшимча қилди давлат раҳбари.



