Қирғизистон президенти Садир Жапаров иккита вазирлик раҳбарларини тайинлаш тўғрисидаги фармонларни имзолади. Қанибек Дўсмамбетов Соғлиқни сақлаш вазири этиб тасдиқланди, Гулзат Исаматовани Фан, олий таълим ва инновация вазири вазифасини бажарувчи этиб тайинлади.
Дўсмамбетов 1979 йилда Норин шаҳрида туғилган ва 1999 йилда Қирғизистон Давлат қурилиш, транспорт ва архитектура университетининг Халқаро иқтисодий муносабатлар факультетини тамомлаган.
2001 йилдан 2017 йилгача у миллий хавфсизлик идораларида хизмат қилган. Кейинчалик Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси (МХДҚ) Иссиқкўл тумани бўлимини бошқарган.
2018 йилдан 2020 йилгача Дўсмамбетов МХДҚ Коррупцияга қарши кураш департаментини бошқарган, кейин қўмитанинг Коррупцияга қарши кураш хизмати директори ўринбосари ва МХДҚнинг 6-бўлими бошлиғи бўлган. Сўнгги икки йил ичида, Соғлиқни сақлаш вазирлигига тайинлангунига қадар, у махсус хизматларнинг Жалолобод департаментини бошқарган. 1 декабрдан бошлаб у Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи лавозимида ишлаган.
Гулзат Исаматова 1983 йилда туғилган ва Бишкек гуманитар университети, Ташқи ишлар вазирлигининг (ТИВ) Дипломатик академияси ва Ҳуқуқ академиясида таҳсил олган. У Осиё тадқиқотлари, сиёсатшунослик ва халқаро муносабатлар бўйича мутахассисликка эга. 2023 йилда у сиёсатшунослик бўйича докторлик даражасини олган. 2025 йилда Исаматова сиёсатшунослик бўйича доцент унвонини олган. У тўрт тилда: қирғиз, рус, инглиз ва хитой тилларида сўзлашади.
2024 йили Исаматова олти ҳафта давомида Таълим ва фан вазирининг маслаҳатчиси бўлиб ишлаган. Сўнгги тайинланишидан олдин у Бишкек давлат университетида халқаро алоқалар ва инвестициялар бўйича проректор лавозимида ишлаган.



