Хитойда роботларни одамлар орасида яшашга ўргатувчи улкан ўқув мактаби очилди

en.people.cn сайти фотосурати

Хитойда гуманоид роботларни одамлар орасида яшашга ўргатувчи улкан ўқув мактаби очилди, бу ерда машиналар меҳнат муҳитига бириктирилишидан олдин тайргарликдан ўтадилар, деб хабар беради «Жэньминь жибао».

Пекин гуманоид роботлар учун маълумотлар ўқув марказининг иккинчи босқичи пойтахтнинг Шицзиншань туманида иш бошлади. Мажмуа икки қаватни эгаллайди ва реал ҳаётдаги саноат ва маиший муҳитни реалистик тарзда такрорлайди. Сценарийлар ғалтакларни саралаш ва посилкаларни қадоқлашдан тортиб, овқат пишириш ва ётоқ хоналарини тозалашгача бўлган турли хил ишларни ўз ичига олади.

Марказда ўқитиш робот учун тўртта соҳадан бирида ихтисосликни танлашдан бошланади: саноат ишлаб чиқариши, ақлли уй тизимлари, қарияларни парвариш қилиш ёки 5G кўмагидаги сценарийлар. Таълим дастури 16 та ихтисослашган фанларни қамраб олади.

Ҳар бир ўқув модули мослашувчан ва турли контекстларни симуляция қилиш учун мунтазам равишда қайта конфигурация қилинади. Таълим олаётган асосий модел 1,66 метр баландликка эга «Куафу» роботидир. Ўқув маркази директори Чжу Кай машинани ўқитиш жараёнини инсон боласининг ривожланиши билан таққослайди.

«Болаларнинг юришни ўрганиши учун такрорий машқлар талаб қилинганидек, роботларнинг функционал интеллектини ривожлантириш учун ҳам турли сценарийларда интенсив машғулотлар талаб қилинади», — дейди у.

Марказда 110 нафар ходим ишлайди, уларнинг аксарияти 2000-йилларда туғилган. Тренинг «кичик синфлар» форматида ташкил этилади, ҳар бир роботга иккита инструктор-инсон бириктирилади. Робот билан битта сценарийни машқ қилиш одатда етти-саккиз кун давом этади.

Тренинг давомида ўқитувчилар виртуал реаллик (VR) гарнитуралари ва қўлда ишлатадиган контроллерлардан фойдаланадилар. Оператор роботни масофадан туриб вазифаларни бажаришга йўналтиради, масалан, ҳимоя плёнкасини қутига жойлаш, компьютер терминали маълумотларни ёзиб боради. Ўқитувчилар аниқликни таъминлаш учун ролларни алмаштирадилар.

Тренинг юқори даражада тафсилотлар ва сабр-тоқатни талаб қилади. Масалан, машинани печка устига това қўйишга ўргатиш учун 1250 марта такрорлаш лозим бўлади, уларнинг ҳар бири роботнинг мувофиқлаштиришини яхшилаш ва «одамга ўхшаб» ишлашига эришиш учун қайд қилинади.

Марказни яратиш соҳада юқори сифатли маълумотлар тақчиллиги муаммосини ҳал қилишга қаратилган. Илгари, тренинглар компаниялар томонидан алоҳида ўтказиларди, бу эса номувофиқ натижаларга олиб келарди, марказлаштирилган ёндашув эса стандартлаштирилган маълумотлар тўпламларини яратишга имкон беради. Марказ ҳар йили бир неча миллион маълумот нуқталарини яратиши тахмин қилинмоқда ва Сучжоу, Цзинан, Хэфэй ва Чжэнчжоу шаҳарларига уланган бутун мамлакат бўйлаб маълумотларни йиғиш тармоғининг бир қисмидир.

Ҳозирда марказдаги роботлар материалларни қайта ишлаш, текшириш ва етказиб бериш каби 20 дан ортиқ операцион кўникмаларни ўзлаштирганлар. Белгиланган вазифаларни бажаришдаги муваффақият даражаси 95% дан ошади.

Ўқитилган андроидларнинг баъзилари аллақачон реал корхоналарда ишга жойлаштирилган. Уларнинг орасида China FAW Group Co., Ltd. (FAW Group) автомобил корпорацияси, логистика компаниялари, Shenzhen Capital Group (курьерлар) ва China Southern Power Grid Co., Ltd. (энергия тармоқлари инспекторлари). Машиналар шунингдек, «Чжуньгуаньцунь» форумида гид сифатида ишлатилади. Мутахассислар уларнинг талабгирлигини роботларнинг реал ҳаётдаги операцияларга тезда мослашиш имконини берувчи тренингларнинг амалий табиати билан боғлайдилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ