Қозоғистонда қамоқхона ходимлари маҳбусларни қийноққа солганлик ишида яна оқланди

Видеодан кадр

Қозоғистоннинг Акмола вилояти ихтисослаштирилган туманлараро жиноят суди ҳакамлар ҳайъати билан биргаликда Атбасар колониясида маҳбусларни қийнашда айбланган 12 нафар собиқ қамоқхона ходимининг ишини кўриб чиқди. Вилоят суди матбуот хизматига кўра, ҳакамлар ҳайъати судланувчиларни айбсиз деб топган, деб хабар беради Vlast.kz.

Оқланган судланувчиларга реабилитация ҳуқуқи берилган. Суд ҳукми ҳали қонуний кучга кирмаган.

Бир гуруҳ маҳбуслар қийноққа солинганига оид видео 2023 йил август ойида оммага ошкор бўлганди. Қийноққа солинганларнинг орасида сиёсий фаол Тимур Данебаев ҳам бўлган. Видеода қамоқхона ходими ундан ҳожатхонани тозалашни сўраган. У рад этганидан сўнг, «махсус воситалардан фойдаланиш» буйруғи берилган ва қамоқхона ходимлари Данебаевнинг бел ва оёқларини резина таёқ билан калтаклашган. ИИВ Жиноят-ижроия тизими қўмитаси матбуот хизмати ўшанда қамоқхона ходимлари шу тариқа «қамоқхона маъмурияти қонуний талабларига бўйсунмаслик ҳолатларининг олди олаётгани»ни таъкидлаган, шу бмлан бирга ходимлар хизмат ваколатларини суиистеъмол қилишганини тан олган. Бу ҳолат тергов олиб борилишига асос бўлган.

Кейинчалик Ички ишлар вазирлиги 11 нафар қамоқхона ходимига салбий асослар билан ишдан бўшатиш тавсия этилганини хабар қилган.

Суд жараёни 2024 йил июль ойида бошланган. Уч нафар қамоқхона ходими ҳибсда бўлган, қолганлари гаров эвазига озод қилинган (жами 12 нафар судланувчи ишда иштирок этган). Қирқ тўрт нафар маҳбус жабрланувчи сифатида қайд этилган.

Жорий йил февраль ойида судланувчилар ҳакамлар ҳайъати томонидан оқланган. Акмола вилояти прокуратураси ҳукмга рози бўлмаган ва унга қарши апелляция шикояти берган. Апрель ойида оқлов ҳукми бекор қилинган ва иш янги суд муҳокамасига юборилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ