24 декабрь кечаси Афғонистон томонидан чегарани ноқонуний кесиб ўтган террорчилар билан қуролли тўқнашувда икки тожик чегара хизмати аскари ҳалок бўлди. Бу ҳақда Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) Чегара қўшинлари матбуот хизмати хабар берди.
Ҳодиса Шамсиддин Шохин туманидаги 0341-сонли «Сарчашма» чегара отрядининг №5 «Сад» постида содир бўлган. 23 декабрь куни соат 23:30 да номаълум террорчи ташкилотнинг уч аъзоси давлат чегарасини яширинча кесиб ўтган. Жангариларнинг жойлашуви эртаси куни, 24 декабрь куни соат 11:15 да аниқланган.
Чегарачилар улардан таслим бўлишни талаб қилганларида, босқинчилар рад жавобини беришган ва ўқ узишган. МХДҚ маълумотларига кўра, террорчилар Тожикистон чегара қўшинлари постларидан бирига ҳужум қилишни режалаштиришган. Учала жангари ҳам жавоб отишмасида ўлдирилган.
Тўқнашув жойида хавфсизлик кучлари учта М-16 милтиғи, битта Калашников автомати, овоз пасайтиргич билан жиҳозланган учта чет эл тўппончаси ва ўнта қўл гранатасини мусодара қилган. Босқинчилар ёнида шунингдек, тунги кўриш мосламаси, портловчи моддалар ва турли хил ўқ-дорилар бўлган.
Теракт олдини олиш операцияси давомида икки тожикистонлик ҳарбий хизматчи Зиреҳбон Наврўзбеков ва Исматулло Қурбонов ҳалок бўлган. Чегара қўшинлари ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида қурбон бўлган аскарлар учун таъзия билдирган.
Чегара қўшинлари бу сўнгги бир ой ичида Афғонистон ҳудудидан кириб келган жангарилар томонидан тинч аҳоли ёки ҳарбий хизматчиларнинг ўлимига олиб келган учинчи қуролли ҳужум эканини таъкидлади.
«Бу фактлар толиблар ҳукумати Тожикистон Республикаси билан давлат чегарасида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ва террорчи ташкилотлар аъзоларига қарши курашиш бўйича халқаро мажбуриятлари ва ваъдаларига масъулиятсизлик билан қараётгани ва уларни бажармаётганидан далолат беради», —дея таъкидлайди МХДҚ Чегара қўшинлари.
МХДҚ Афғонистонни бошқараётган «Толибон»* ҳаракати раҳбарияти Тожикистон халқидан расман узр сўрашига ва чегара хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун самарали чоралар кўришига умид билдирган.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси давлат чегарасини ҳимоя қилиш учун барча зарур куч ва воситаларга эга эканини қатъий таъкидлайди. Чегара қўшинлари ташқи тажовузга, террорчи гуруҳлар ва контрабандачиларнинг ҳар қандай уринишларини қайтаришга тайёр, дейди Чегара қўшинлари матбуот хизмати.
Ҳозирда чегарадаги вазият тинч деб баҳоланмоқда ва воқеа бўйича тергов давом этмоқда.
Ноябр ойи охирида Тожикистонда Афғонистон билан чегара яқинида хитойлик ишчиларга қарши икки марта ҳужум содир бўлди. 26 ноябрь куни «Шохин СМ» компаниясининг уч нафар ходими, учувчисиз учиш аппарати ҳужумида ҳалок бўлди, 30 ноябрь куни эса China Road and Bridge Corporation компаниясининг икки ходими Афғонистон ҳудудидан олиб борилган отишма натижасида ҳалок бўлди. Яна беш киши жароҳат олди. Хитой элчихонаси Тожикистон расмийлари билан фавқулодда музокаралар олиб борди ва Хитой компанияларига чегара ҳудудларидан ўз ходимларини эвакуация қилишни тавсия қилди.
2 декабрь куни Тожикистон ва Афғонистон Ташқи ишлар вазирлари ҳамкорликда хавфсизлик қўмиталарини тузиш ва чегарачилар ўртасида мунтазам алоқаларни ўрнатишга келишиб олдилар. Иккала томон ҳам ҳужумлар учун Кобул ва Душанбе ўртасидаги ишончни бузишга интилаётган «нохолис гуруҳлар»ни айбладилар.
*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот.



