Толиблар Афғонистоннинг Хоруғдаги Бош консуллигини ёпди

Ҳоруғдаги афғон консуллиги биноси. Afghanistan International сайти фотосурати

Афғонистонни бошқараётган «Толибон»* ҳаракати Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилояти пойтахти Хоруғдаги мамлакат Бош консуллигини ёпди. Бу ҳақда «Хаште субҳ» газетаси хабар берди.

Газета хабарига кўра, толиблар консул Нақибулла Деҳқонзодани 15 декабрь куни лавозимидан олиб ташлаган. Шу билан бирга, консулликнинг фаолияти ҳам тўхтатилган. «Азия-Плюс» хабарига кўра, Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги бу маълумотни тасдиқлаган ва қарор Афғонистон расмийлари томонидан қабул қилинганига аниқлик киритган.

«Бу масаладан хабардормиз. Халқаро келишувларга кўра, бошқа мамлакатда консулликни очиш ёки ёпиш ҳар бир ҳукуматнинг ўз қарори ҳисобланади», — деб таъкидлайди вазирлик.

«Хаште субҳ» хабарига кўра, Нақибулла Деҳқонзода Афғонистон собиқ ҳукумати давридан Хоруғда консул бўлиб ишлаб келган. Ҳокимият алмашгандан сўнг, у толиблар билан ҳамкорлик қила бошлаган ва гўёки «Толибон» Ташқи ишлар вазирлигига 120 минг доллар ўтказган. Таъкидланишича, унинг ишдан бўшатилиши келажакда собиқ ҳукумат даврида ишлаган Муҳаммад Зоҳир Акбар ўрнига Афғонистоннинг Тожикистондаги янги элчиси этиб тайинланиши мумкинлигига оид миш-мишлар ортидан содир бўлган.

Шуни таъкидлаш лозим, 2023 йил кузида Муҳаммад Зоҳир Акбар Хоруғдаги Афғонистон консуллиги «иқтисодий ресурслар етишмаслиги туфайли ўз фаолиятини тўхтатганини» маълум қилганди. Деҳқонзода бу маълумотни рад этган ва Хоруғдаги Афғонистон Бош консуллиги расман фаолият юритаётганини ва толиблар ҳукуматининг бевосита назорати остида эканини айтган.

Шу билан бирга, 2024 йил февраль ойида Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Хоруғдаги Афғонистон Бош консуллиги «Толибон» назорати остида эмаслигини ва Тожикистон янги ҳукуматнинг бирон бир вакилини аккредитациядан ўтказмаганини хабар қилганди.

Тожикистон Марказий Осиёда «Толибон» билан тўғридан-тўғри сиёсий ва дипломатик алоқаларга эга бўлмаган ягона мамлакат ҳисобланади. Шунга қарамасдан сўнгги пайтларда ҳукумат даражасидаги алоқалар тобора тезлашиб бормоқда, бу икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар илиқлашаётганидан далолат бериши мумкин.

*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ