Қозоғистон Европа томонидан йўл қўйилган «хатолик» сабаб музлатилган 600 миллион долларни қайтариб олди

freepik.com сайти фотосурати

Euroclear халқаро ҳисоб-китоб ва клиринг депозитарийси Россияники деб ҳисобланган Евроосиё тараққиёт банки (ЕТБ) маблағларининг бир қисмини блокдан чиқарди. Бу ҳақда Қозоғистон Молия вазири ўринбосари Даурен Кенбеил РИА Новости агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.

«Шартларга кўра, бу маблағлар фақат Қозоғистон лойиҳаларига йўналтирилиши керак эди ва Euroclear буни кузатиб борди», — деди у.

Блоклаш Европа Иттифоқи 2022 йил июнь ойида Россиянинг марказий депозитарийси бўлган Миллий ҳисоб-китоб депозитарийсига (МҲД) қарши санкциялар киритганидан сўнг содир бўлди. Euroclear МҲД билан операцияларни тўхтатди ва Қозоғистонга тегишли тахминан 733 миллион долларлик ЕТБ маблағлари унинг ҳисобларидан бирида музлатилди.

Натижада, ушбу сумманинг 600 миллион доллардан ортиғи 2023 йилдан ҳозирги кунгача блокдан чиқарилди. Остона 2026 йили яна тахминан музлатилган 120 миллион долларни қўлга киритишни кўзламоқда.

Евроосиё Тараққиёт Банки (ЕТБ) аъзо давлатларда иқтисодий ўсишни рағбатлантириш, улар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва Евроосиё минтақасида интеграция жараёнларини ривожлантириш учун мўлжалланган кўп томонлама ривожланиш банкидир. Унинг аъзо давлатлари Қозоғистон, Арманистон, Беларусь, Қирғизистон, Тожикистон ва Россиядир. Банк 2006 йилда ташкил этилган ва унинг бош қароргоҳи Олмаотада жойлашган.

2022 йили Европа Иттифоқи мамлакатлари Россиянинг Миллий ҳисоб-китоб депозитарийсига қарши санкциялар жорий этди ва Россиянинг тахминан 300 миллиард евролик захираларини музлатиб қўйди, шундан 200 миллиард евродан ортиғи Euroclearда сақланмоқда. Декабрь ойида Европа Иттифоқи Кенгаши Россия активларини доимий равишда музлатишга қарор қилди.