Мирзиёев Тошкентда Rolls-Royce ускуналари билан жиҳозланган иссиқлик таъмноти марказини кўздан кечирди

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Юнусобод туманида Хитойнинг CNTIC компанияси билан ҳамкорликда қурилган биринчи юқори қувватли когенерация станциясини кўздан кечирди. Ушбу иншоот 3500 гектар майдонни эгаллайди ва 65 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига қурилган, деб хабар беради президент матбуот хизмати.

Лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилган. 100 мегаваттли станция 4-сонли иссиқлик электр станцияси ҳудудида қурилган. Когенерация иншоотига Буюк Британиянинг Rolls-Royce компаниясининг 70 та газ-поршен ускуналари ўрнатилган.

Қозонхоналардан истеъмолчиларгача бўлган иссиқлик таъминоти инфратузилмаси реконструкция қилинган. Иссиқлик магистраллари янгиланган. Тармоқлар изоляцияли қувурлар билан алмаштирилган. Бу эса турли даражадаги энергия йўқотишларининг олдини олиш имконини беради.

Марказ ишга туширилиши натижасида йилига 876 миллион киловатт-соат электр энергияси ва 858 минг гигакалория иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади. Шу билан бирга, йилигa 35 миллион куб метр табиий газ иқтисод қилинади.

Эндиликда пойтахтнинг Юнусобод, Олмазор, Шайхонтоҳур, Мирзо Улуғбек ва Яккасарой туманларида жойлашган жами 1 минг 846 та объект доимий иссиқлик энергияси билан таъминланади. Уларнинг 1 минг 400 таси аҳоли хонадони, қолган қисми эса ижтимоий соҳа объектларидир. Шунингдек, 292 минг хонадонга электр энергияси барқарор етказиб берилади.

Лойиҳа ишга тушиши билан иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш учун сарфланадиган харажатлар 40-45 фоизга камаяди. Атмосферага чиқадиган ифлослантирувчи моддалар миқдори сезиларли даражада қисқариб, оқова сув ташланмалари юзага келмайди.

Шу ернинг ўзида президент куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича амалга оширилган ишлар ва иссиқлик марказларини ривожлантириш, Тошкент иссиқлик электр станциясини модернизация қилиш, пойтахтда ободонлаштириш ишларини такомиллаштириш бўйича таклифлар, шунингдек, аномал совуқ шароитида хизматга жалб этиладиган куч ва воситаларни тақсимлаш юзасидан тақдимотлар билан танишди.

Президент матбуот хизмати маълумотларига кўра, пойтахтда 11 630 та кўп қаватли уй мавжуд бўлиб, уларга 358 та бошқарув компанияси хизмат кўрсатади. Мирзиёев уларнинг мавсумга қай даражада шайлиги билан қизиқди.

«Шаҳар шароитида бошқарув сервис компаниялари фаолияти аҳоли ҳаёти билан узвий боғлиқ. Шу боис улар соат механизмидай аниқ, узлуксиз ишлаши керак. Бунинг учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Эндиликда соҳа ходимларининг дунёқараши ва ёндашуви ҳам ўзгариши лозим. Аҳолининг ҳолидан хабар олиш, кўп қаватли уйларнинг ертўла ва том қисмларини, йўлаклар ва ўйин майдончаларини тартибли сақлаш зарур», — деди республика раҳбари.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ