Эронда тинчлик бўйича Нобел мукофоти совриндори Наргес Муҳаммади шафқатсизларча калтакланган ва ҳибсга олинган

Наргес Муҳаммади. narges.foundation сайти фотосурати

2023 йилги тинчлик бўйича Нобел тинчлик мукофоти совриндори Наргес Муҳаммади 12 декабрь куни Эроннинг шимоли-шарқидаги Машҳад шаҳрида бўлиб ўтган хотира маросимида калтакланган ва ҳибсга олинган.

«Наргес фонди» хабарига кўра, Муҳаммади билан бирга яна 38 киши, жумладан, таниқли инсон ҳуқуқлари фаоллари Сепидеҳ Голиян, Жавад Аликорди ва Поуран Наземи ҳибсга олинган. Машҳад прокурори Ҳасан Ҳематифар улар «машинада устига чиқиб олиб, провокацион баёнотлар беришганини» даъво қилмоқда, бу баёнотлар гўёки оломонни «жамоат тартибини бузишга» ундаган.

Ҳибсга олинганидан сўнг дарҳол алоқасиз қолган Наргес Муҳаммади уч кундан сўнг телефонда қисқа қўнғироқ қилишга муваффақ бўлган. Оиласи билан суҳбатда у фуқаролик кийимидаги тахминан 15 кишидан иборат гуруҳ томонидан ҳужумга учраганини хабар қилган.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг сўзларига кўра, унинг боши ва бўйнини таёқ билан калтаклашган ва сочлари тортиб, судрашган. Кейинчалик у икки марта тез ёрдам бўлимига олиб кетилган. Қўнғироқ пайтида унинг жисмоний ҳолати оғир бўлган.

Муҳаммадининг сўзларига кўра, ҳибсга олиш пайтида хавфсизлик кучлари унга: «Биз онангни сен учун мотам тутишга мажбур қиламиз», дейишган. Бундан ташқари, улар ўз шавқатсизлигини сиёсий мотивлар билан оқлашга уринган ҳолда, инсон ҳуқуқлари фаолини Исроил билан ҳамкорлик қилишда айблашган.

Оммавий ҳибсга олишлар адвокат Хосров Аликорди ўлимидан етти кун ўтгач ўтказилган хотира маросимида содир бўлган. Гувоҳлар иштирокчиларга қарши кўз ёшартирадиган газ ишлатилганини хабар қилишган. Гувоҳлар оломонни баланд овозда ҳақоратлаб, низоларни қўзғатган, эронлик бўлмаган бир гуруҳ шахслар борлигини қайд этишган.

Наргес Муҳаммади хотира маросимида. narges.foundation сайти фотосурати

Машҳад прокурори барча ҳибсга олинганлар тергов ҳибсхонасида сақланаётганини айтган, аммо қайси бирида эканига аниқлик киритмаган. Ҳибсдагиларнинг қариндошлари уларнинг тўлиқ изоляцияда сақланаётгани ва адвокатлар билан учрашиш имкони йўқлигидан хабар беришган. Наргес Муҳаммадининг телефон орқали суҳбатда у қайси юрисдикцияда ушлаб турилгани ҳақида хабардор қилинмаганини таъкидлаган.

Наргез ўз адвокатларига хавфсизлик кучларининг ҳаракатларига қарши дарҳол расмий шикоят қилишни топширган. У калтаклаш ва ноқонуний куч ишлатиш бўйича тергов ўтказишни талаб қилмоқда. Алие Моталебзода ва Ҳасти Амири каби бошқа фаоллар ҳам оилалари билан қисқача боғланиб, ҳибсга олинганликлари ҳақида хабар беришга муваффақ бўлишган.

«Наргес фонди» халқаро ҳамжамият ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларини шошилинч чоралар кўришга чақирган. Фонд вакиллари барча жабрланувчилар учун мустақил тиббий кўриклар ўтказилишини талаб қилмоқда. Улар айбдорларни жавобгарликка тортиш учун зўравонлик излари ҳужжатлаштирилиши кераклигини таъкидлашмоқда.

«Ушбу фуқаролик ва сиёсий фаолларга қарши ноқонуний ҳибсга олиш ва уйдирма ишлар дарҳол ва шартсиз тўхтатилиши ва уларнинг асосий ҳуқуқлари кечиктирмасдан тикланиши керак», — деб таъкидлайди фонд вакиллари.

Норвегия Нобел қўмитаси Эрон расмийларини инсон ҳуқуқлари фаолининг қаерда эканини дарҳол ошкор қилишга, унинг хавфсизлиги ва ҳимоясини таъминлашга ва уни шартсиз озод қилишга чақирди.

«Қўмита Наргес Моҳаммади ва Эронда инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги ва сўз эркинлиги учун тинч йўл билан курашаётган барча одамлар билан бирдамлигини билдиради», — дейилади ташкилот баёнотида.

ℹ️ 1972 йили туғилган ва маълумоти физик бўлган Наргес Моҳаммади ўз фаолиятини журналист ва сиёсий ёзувчи сифатида бошлаган. У 2012 йилдан бери Францияда сургунда яшаб келаётган таниқли фаол Таги Раҳмонийга турмушга чиққан, эр-хотиннинг икки фарзанди бор.

Эрон расмийлари илгари инсон ҳуқуқлари фаолини 13 марта ҳибсга олган ва жами 31 йилга озодликдан маҳрум қилиш ва 154 марта дарра уриш жазосига ҳукм қилган. 2023 йили у қамоқдан мажбурий ҳижобни диний босим воситаси сифатида қораловчи хатни ташқаоига чиқарган. 2024 йил август ойида Муҳаммади қамоқхоналарда мунтазам жинсий тегажоқлик айбловлари учун қўшимча бир йилга озодликдан маҳрум қилинган, Теҳрон аёл шикоятини ёлғон деб рад этган.

2024 йил декабрь ойида инсон ҳуқуқлари фаоли ноябрь ойида ўтказилган жарроҳлик амалиётидан сўнг тиббий сабабларга кўра Эвин қамоқхонасидан вақтинча озод қилинган. Озод қилинганидан бери у мунтазам равишда таъқиб ва ​​таҳдидларга дучор бўлиб келган. 2025 йил июль ойида Ахборот вазирлиги унинг адвокатларини матбуотга интервю бериш, инсон ҳуқуқлари гуруҳларини сафарбар қилиш ёки инсон ҳуқуқларини тарғиб қилиш ман этилиши борасида огоҳлантирган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ