Хитой Афғонистонни бошқараётган «Толибон»* ҳаракатидан тожик-афғон чегарасида Хитой фуқаролари ўлдирилгани ҳолатларини батафсил текширишни талаб қилди, деб хабар беради Afghanistan International.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Хавфсизлик Кенгашида сўзлаган нутқида Хитой элчиси Фу Кунг бу каби ҳодисалар олдини олиш учун минтақада назоратни кучайтиришга чақирди. Дипломат Хитой фуқароларининг ўлдирилишини қаттиқ қоралади, ҳодисаларни жиддий хавфсизликка таҳдид дея атади ва Афғонистон расмийларини шошилинч чоралар кўришга чақирди. У Пекин мувофиқлаштириш механизмларини мустаҳкамлаш ва барқарорликни таъминлаш учун минтақадаги мамлакатлар билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини таъкидлади.
Фу Кунг Афғонистонда турли террорчи гуруҳлар фаоллигича қолаётганини таъкидлади. У ИШИД* («Ироқ ва Шом ислом давлати»*), «Шарқий Туркистон ислом ҳаракати»* ва «Таҳрик-и-Толибон Покистон»* гуруҳларини тилга олди.
Дипломат «Толибон» ҳаракатини мазкур гуруҳларни йўқ қилишга чақирди. Шунингдек, у Тожикистон ва толибларга фожиали воқеалар такрорланишининг олдини олиш учун чегарада назоратни кучайтиришга чақирди.
Бундай баёнотга ноябрь ойи охирида Тожикистонда хитойлик ишчиларга қилинган иккита ҳужум сабаб бўлганди. Нохуш воқеалар Афғонистон билан чегарага яқин жойда содир бўлганди.
26 ноябрь куни «Шохин СМ» компаниясининг уч нафар ходими, учувчисиз учиш аппарати ҳужумида ҳалок бўлди, 30 ноябрь куни эса China Road and Bridge Corporation компаниясининг икки ходими Афғонистон ҳудудидан олиб борилган отишма натижасида ҳалок бўлди. Яна беш киши жароҳат олди. Хитой элчихонаси Тожикистон расмийлари билан фавқулодда музокаралар олиб борди ва Хитой компанияларига чегара ҳудудларидан ўз ходимларини эвакуация қилишни тавсия қилди.
2 декабрь куни Тожикистон ва Афғонистон Ташқи ишлар вазирлари ҳамкорликда хавфсизлик қўмиталарини тузиш ва чегарачилар ўртасида мунтазам алоқаларни ўрнатишга келишиб олдилар. Иккала томон ҳам ҳужумлар учун Кобул ва Душанбе ўртасидаги ишончни бузишга интилаётган «нохолис гуруҳлар»ни айбладилар.
Кейинчалик, Афғонистонда ҳодисалардан бирига алоқадорликда гумон қилинган икки киши ҳибсга олингани хабар қилинди. Ҳозирча бирорта террорчи гуруҳ хитойлик фуқаролар ўлдирилиши учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади.
*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот.



