Сўнгги беш йил ичида кенг кўламли коррупцияга қарши кураш кампанияси давомида давлатга 300 миллиард сомдан ортиқ (3,4 миллиард доллар) активлар қайтарилди. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раиси ва Бош вазир ўринбосари Камчибек Ташиев «Регион» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди, деб хабар беради 24.kg.
Хавфсизлик ходимининг сўзларига кўра, 1000 дан ортиқ кўчмас мулк объектлари ва 30 минг гектар ер давлат мулкига ўтказилган. Ушбу активлар илгари қонунларни бузган ҳолда хусусийлаштирилган ёки бошқа мақсадларда фойдаланилган, деб тушунтирди Ташиев.
«Хусусийлаштириш пайтида қонунлар бузилган. Объектлар ўз вазифасини бажармаган. Масалан, улар автобаза ёки заводларни эгаллаб олишган, аммо улар ўз соҳасида ишламаган, мулклар эса талон-тарож қилинган», — деди махсус хизмат раҳбари.
Унинг таъкидлашича, 2020 йилгача кўплаб ижтимоий объектлар ва саноат корхоналари амалдорларнинг шахсий бойлиги учун сотилган ва бу вазиятни ўзгартириш учун 2020 йил охирида ҳокимият тепасига келган президент Садир Жапаровдан сиёсий ирода талаб этилган.
Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, сўнгги беш йил ичида давлат идораларида коррупция даражаси 80% дан 30% гача пасайган. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) бу кўрсаткични 2026 йил охирига келиб 10% га етказишни режалаштирмоқда.
«Аввалига кўпчилик биз коррупцияга қарши қаттиқ курашишимизга ишонмаганди. Улар Ташиевнинг пул олмаслиги мумкинмас, деб ўйлашган. Ҳаттоки пулларни коробкаларга солиб келишган. Лекин улар жавобгарликка тортилди. Сўнгги йилларда коррупцияга қарши қаттиқ курашдан сўнг, жамият мақсадимиз коррупцияни бутунлай йўқ қилиш эканини англади», —деди Ташиев.
МХДҚ раиси шунингдек, халқаро коррупцияга қарши рейтинглар ҳақида ҳам гапирди. Ташиев уларни сиёсийлаштирилган деб атади ва Қирғизистон ҳозирда жиноятчиликка қарши кураш самарадорлиги бўйича МДҲ мамлакатлари орасида етакчи ўринни эгаллашини айтди.
Махсус хизмат раҳбари амалдорлардан ҳалол ишлашни ёки давлат хизматидан кетишни талаб қилди. У коррупция жиноятлари учун жавобгарлик ҳамма учун муқаррар бўлиши ва ҳеч қандай қариндош-уруғчилик ёрдам бермаслиги ҳақида огоҳлантирди.
Ташиевнинг ўзининг принципиал позицияси туфайли дўстларининг қарийб 70 фоизини йўқотгани ва баъзи қариндошлари билан муносабатларига путур етганини таъкидлади.
«Мен ҳатто қариндошларимни ҳам қамоққа ташладим. Қудам ҳозирда 2020 ва 2023 йиллар оралиғида содир этган жиноятлари учун МХДҚ ҳибсхонасида. Кимлар олдимга келмади дейсиз — акам, қариндошларим — барчаси уни озод қилишимни сўрашди. Лекин мен бундай қилмадим. Қудам жазоланиши керак. Агар биз уни озод қилганимизда, одамлар менга ишонмай қўйишарди», — деди Ташиев.
У қаршилик ва шахсий йўқотишларга қарамай, Қирғизистонда коррупцияга қарши курашни охирига етказишга ваъда берди.



