Қозоғистонда нақд долларлар танқислиги юзага келди: бир нечта йирик банклар валюта берилишини вақтинча чекладилар, баъзи валюта айирбошлаш шохобчалари эса савдони бутунлай тўхтатдилар, деб хабар беради Finratings.kz.
Бу миллий валютанинг сезиларли даражада мустаҳкамланиши фонида содир бўлмоқда: 4 декабрь куни савдо ёпилишида доллар курси олти ой ичида биринчи марта 500 тенгедан пастга тушди.
Иқтисодчи Элдар Шамсутдиновнинг тушунтиришича, Америка валютасининг танқислиги «курс ўзгариши фонида» долларга талабнинг кескин ошиши билан боғлиқ. Шу билан бирга, валюта айирбошлаш шохобчалари янада қулайроқ курсларга умид қилиб, долларни ушлаб туришни афзал кўришмоқда. «Кўпгина айирбошлаш шохобчалари икки ҳафта олдин 520 тенгедан сотиб олишган ва ундан пастроққа сотишни истамаяпти», — дейди у.
Қозоғистон Миллий банки ўз навбатида тенгенинг мустаҳкамланишини ташқи ва ички омиллар комбинацияси билан боғлайди. Регулятор нефть нархининг баррел учун 60 доллардан юқори бўлиши ва глобал доллар индексининг пасайишига ишора қилади. Тенге бир ой ичида 9% га мустаҳкамланган.
Tengrinews.kz маълумотларига кўра, бозор иштирокчилари бир доллар учун 500 тенге белгисини асосий мезон деб билишади. Шу билан бирга, нашр томонидан суҳбатлашган мутахассислар миллий валютанинг ҳозирги мустаҳкамланиши вақтинчалик деб ҳисоблашади. «500 тенге белгиси муҳим аҳамиятга эга ва шу ердан ўзгаришлар бошланиши мумкин. Валюта курси бир доллар учун 500-530 тенге оралиғида мустаҳкамланиши эҳтимоли бор», — деб прогноз қилади иқтисодчи Марат Каирленов. Шунингдек, у Қозоғистоннинг келгуси йил учун бюджет лойиҳасида бир доллар учун 540 тенге ставкаси кўзда тутилганини таъкидлайди.



