Nature журнали Ўзбекистонга оид маълумотларда йўл қўйилган хатолар туфайли мақоласини қайтариб олди

srpcdigital.com сайти фотосурати

Nature журнали ҳисоб-китобларида Ўзбекистон иқтисодий кўрсаткичларига оид жиддий хатоларга йўл қўйилгани аниқланганидан сўнг, иқлим ўзгариши асоратларига доир илмий нашрни расман қайтариб олди. Ушбу мамлакатга оид нотўғри маълумотлар дунё иқтисодиёти йўқотишларига бағишланган прогнозни сезиларли даражада бузиб кўрсатган, дейилади 3 декабрь куни чоп этилган раддияда.

Текширувлар шуни кўрсатадики, тадқиқот натижалари айнан Ўзбекистон учун жуда сезиларли бўлган. Ушбу мамлакатга оид 1995-1999 йиллардаги дастлабки маълумотларда жиддий ноаниқликлар мавжудлиги аниқланган. Муаллифлар бу хатолар мақолани ҳозирги шаклида сақлаб қолишни имконсиз қилишини тан олишган.

Мақолада башорат қилинган катта миқёсдаги йўқотишлар бир мамлакатга нисбатан йўл қўйилган статистик хатоларнинг бевосита натижаси бўлиб чиққан. Стенфорд университетининг Глобал сиёсат лабораторияси директори Соломон Сян аномалияни экспериментал йўли билан аниқлаган. У Ўзбекистонни маълумотлар тўпламидан чиқариб ташлаш якуний рақамларни кескин ўзгартирганига гувоҳ бўлган.

Дастлабки моделда Ўзбекистон ЯИМи 2000 йилда қарийб 90% га қисқарган деб тахмин қилинган. Бироқ, 2010 йили мамлакатнинг айрим ҳудудларида 90% дан ортиқ ўсиш кузатилгани айтилган. Бундай тебранишлар расмий иқтисодий статистикага зид келади. Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши сўнгги 40 йил ичида нисбатан барқарор бўлган. Кўрсаткичлар 0,2% дан 7,7% гача ўсишни кўрсатган.

Қайта ҳисоблашдан сўнг, 2100 йилга келиб глобал ЯИМнинг прогноз қилинган пасайиши эълон қилинган 62% дан 23% гача, 2050 йилга келиб эса 19% дан 6% гача камайган. Иқлим ўзгаришининг глобал ЯИМга 2050 йилга келиб етказган зарари энди 19% ўрнига 17% га баҳоланмоқда.

ℹ️ Қайтариб олинган мақола катта шов-шувга сабаб бўлди ва 2024 йили матбуотда энг кўп тилга олинган иккинчи мақолага айланган. Унда келтирилган маълумотлар энг юқори даражада стратегик режалаштириш учун ишлатилган. АҚШ ҳукумати, Жаҳон банки ва бошқа халқаро ташкилотлар олимлар хулосаларига таянишган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ