Ўзбекистон Ислом Цивилизацияси Маркази (ИЦМ) директори Фирдавс Абдухолиқов Бутунжаҳон ислом олами уюшмаси (Muslim World League, MWL) Бош котиби Абдулкарим ал-Иссанинг таклифига биноан хизмат сафари билан Маккада бўлди. Бу ҳақда Марказ матбуот хизмати хабар берди.
Ал-Исса билан музокаралар чоғида ИЦМ ва MWL ўртасида икки томонлама ҳамкорлик, қўшма тадқиқотлар, манбаларни рақамлаштириш, халқаро конференциялар ва кўргазмалар уюштириш, мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш каби йўналишлар муҳокама қилинди. Учрашувдан сўнг томонлар стратегик шерикликни кенгайтириш ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни кейинги босқичга кўтаришга тайёр эканликларини билдирдилар.
Абдухолиқов шунингдек, MWLнинг ислом меросини рақамлаштириш, илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Ислом цивилизацияси бўйича манбалар ва тадқиқотларни глобал аудиторияга етказишга қаратилган янги электрон платформаси тақдимотида иштирок этди. Тақдимотда кўплаб халқаро илмий ва диний ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилмоқда. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган



