Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳозирги минтақавий саммитларни маслаҳатлашув форматидан стратегик — «Марказий Осиё ҳамжамияти» форматига ўзгартиришни таклиф қилди. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, бу давлатлараро ҳамкорликни сезиларли даражада мустаҳкамлайди. Ўзбекистон раҳбари ушбу ташаббусни Марказий Осиё давлат раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида тақдим этди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.
Шунингдек, президент бой ҳаётий тажрибага эга, обрў-эътиборли жамоат арбобларидан иборат Оқсоқоллар кенгашини тузиш ташаббусини илгари сурди, бу авлодлар ўртасидаги боғлиқликни, шунингдек, умумминтақавий ҳамжиҳатлик ва ўзига хосликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳим мақсадлардан бири Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо айланмасини 1,5-2 баравар ошириш учун савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг сифат жиҳатидан янги даражасига чиқишдир. Ушбу мақсадларга эришиш учун маъмурий тўсиқларни олиб ташлаш, солиқ ва божхона тартибларини соддалаштириш, эркин иқтисодий ва саноат зоналаридан биргаликда фойдаланишни кенгайтириш зарур.
«Юқорида кўрсатиб ўтилган барча масалаларни қамраб оладиган, савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича 2035 йилгача бўлган даврга мўлжалланган кенг қамровли минтақавий дастурни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш савдо ҳажмларини сезиларли даражада ошириш учун қулай шароит яратиш имконини беради», — деди Мирзиёев.
Бундан ташқари, минтақада ягона инвестиция муҳитини шакллантириш учун Умумий инвестиция макони тўғрисидаги декларацияни қабул қилиш зарурлиги қайд этилди. Соҳадаги ёндашувларни уйғунлаштириш, виртуал савдо майдончалари ва ишончли рақамли тўлов тизимларини яратишга қаратилган Электрон тижоратни ривожлантириш бўйича қўшма чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Ўзбекистон президенти транспорт йўлаклари ва энергетика инфратузилмасини ривожлантиришга, жумладан, электр станциялари, электр узатиш линиялари, йўллар, чегара ўтиш пунктлари ва бошқа лойиҳаларни модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратди. Ушбу йўналишлардаги ишларни мувофиқлаштириш учун Бош вазир ўринбосарлари даражасида Инфратузилмани ривожлантириш кенгашини тузиш таклиф қилинди.
Мирзиёев ҳамкасбларини Афғонистонни минтақавий лойиҳаларга интеграция қилишни кўриб чиқишга чақирди. У қўшни давлатни Амударё ҳавзаси ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича мулоқотга жалб қилиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади. Сув танқислигининг ортиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда, давлат раҳбари 2026-2036 йилларни «Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллиги»деб эълон қилишни таклиф қилди.
Маданий ва гуманитар ҳамкорлик нуқтаи назаридан, президент Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази ёшлар, уларнинг илмий ва маънавий маърифати учун жозибадор масканга айланишига умид билдирилди. Ўзбекистон раҳбари шунингдек, лойиҳаларни молиялаштириш, академик ҳамжамиятни рағбатлантириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш имкониятларини кенгайтириш учун Илмий тадқиқотлар фондини яратишни таклиф қилди.
Саммитда Мирзиёев Марказий Осиё билан умумий тарихга, қариндошлик алоқаларига ва маънавий, маданий яқинликка эга бўлган Озарбайжоннинг мулоқотда иштирок этаётганини олқишлади. У бундай тадбирларнинг асосий мақсади барқарор, хавфсиз ва гуллаб-яшнаган Марказий Осиёни барпо этиш эканини таъкидлади.
«Бизнинг кучимиз – бирликда, муваффақият сари йўлимиз – дўстлик ва ҳамкорликда. Фақат ҳамжиҳат бўлиб, ўзаро ҳурмат, бирдамлик ва стратегик ёндашувларга таяниб, эзгу мақсадларимизга эришишимиз мумкин», — деди Мирзиёев.
Саммит якунида минтақа ва Озарбайжон президентларининг қўшма баёноти қабул қилинди.
Бундан ташқари, томонлар қуйидаги ҳужжатларни имзоладилар:
✅ Қирғиз Республикасининг 2027-2028 йилларда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг муваққат аъзолигига номзоди юзасидан БМТга аъзо давлатларга мурожаат;
✅ Озарбайжон Республикасининг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувида тўла ҳуқуқли аъзо сифатида иштирок этиши тўғрисидаги қарор;
✅ Марказий Осиёда минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик концепцияси;
✅ Марказий Осиё хавфсизлигига хатарларнинг каталоги ва уларнинг олдини олиш бўйича 2026-2028 йилларга мўлжалланган чоралар.
ℹ️ 16 ноябрь куни Тошкентда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Марказий Осиё давлат раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Саммитда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов, шунингдек, БМТнинг Марказий Осиё мамлакатлари учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе иштирок этди.



