Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази Халқаро Кутубхона Ассоциациялари ва муассасалари Федерацияси (ИФЛА) тадбирларини ўтказишга тайёр. Бу ҳақда ИФЛА минтақавий қўмитаси аъзоси ва Қозоғистон Миллий аёллар педагогика университети кутубхонаси директори ўринбосари Петр Лапо «Марказий Осиё ва Озарбайжон: умумий маънавий ва маърифий мерос — умумий келажак» халқаро конгрессида айтиб ўтди.
«Ислом цивилизацияси маркази инсонни ҳайратга солади. Бино айнан маънавиятни ривожлантириш учун қурилган. Кутубхоначи сифатида мен буни олқишлайман ва ИФЛА Осиё ва Океания минтақавий қўмитаси аъзоси сифатида, Марказ тахминан 150 мамлакатни бирлаштирган ушбу халқаро ташкилотнинг кўплаб тадбирларини ўтказиши мумкинлигига ишонаман. Ислом турли мамлакатлардаги миллионлаб одамларни бирлаштирган диндир. Марказ нафақат Марказий Осиё, балки бутун инсоният учун ҳамкорлик ва мулоқот учун қимматли платформага айланиши мумкин», — дея таъкидлади Лапо.
ℹ️ «Марказий Осиё ва Озарбайжон: умумий маънавий ва маърифий мерос – умумий келажак» халқаро конгресси Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 13-15 ноябрь кунлари бўлиб ўтди. Ислом цивилизацияси маркази тадбирни Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси, Марказий Осиё халқаро институти ва Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) билан ҳамкорликда ташкил этди. Тадбирда олти мамлакатдан 350 дан ортиқ олимлар иштирок этди.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилмоқда. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.



