Россия Бош вазири ўринбосари: Қозоғистон чегарасидаги юк машиналари билан боғлиқ муаммо тез орада ҳал қилинади

РФ ва Қозоғистон чегарасидаги юк машиналари. t.me/customs_rf видеосидан скриншот

Россия-Қозоғистон чегарасида юк машиналарининг туриб қолиши муаммоси тез орада ҳал қилинади, деди Россия Бош вазири ўринбосари Виталий Савелев «Россия-1» телеканалига берган интервьюсида. Унинг сўзларига кўра, бу масала Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг 11-12 ноябрь кунлари Россияга давлат ташрифи давомида муҳокама қилинган.

«Биз назорат-ўтказиш пунктларимиз билан боғлиқ кўплаб масалаларни муҳокама қилдик. Россия-Қозоғистон чегараси дунёдаги энг узун чегара ҳисобланади — 7500 километр. Чегара бўйлаб 52 та назорат-ўтказиш пунктимиз бор, улардан 30 таси автомобиллар учун. <…> У ерда божхона расмийлаштируви билан боғлиқ баъзи муаммолар юзага келган. Лекин менимча, ҳамма нарса тез орада ҳал қилинади», — деди Савельев.

У шунингдек, Қозоғистон, Туркманистон, Россия ва Эрон томонидан ишлаб чиқилаётган «Шимол-Жануб» халқаро транспорт йўлагининг шарқий йўналиши истиқболларини ҳам гапириб берди. 2025 йилга келиб ушбу йўналиш бўйлаб тахминан 1 миллион тонна юк ташиш режалаштирилган. Ноябр ойи бошида Россиядан биринчи поезд шарқий йўналиш орқали Эроннинг Априн қуруқлик портига етиб борган. 62 та қирқ футлик контейнерлардан иборат поезд йўлни аввалги 33 кунга нисбатан 13 кунда босиб ўтган.

«Логистика ривожланмоқда ва бу тўртта мамлакат: Туркманистон, Россия, Қозоғистон ва Эрон томонидан қабул қилинаётган тариф қарорлари билан боғлиқ. Бу жуда далда берувчи ҳолат. Ушбу йўлак барқарор ривожланиб бораверади», — деди Бош вазир ўринбосари.

Россия-Қозоғистон чегарасида юк машиналарининг тирбандлиги билан боғлиқ вазият сентябрь ойидан бери мураккаблигича қолмоқда. Расман, иккала мамлакат ҳукумати оғир юк машиналарининг чегарадан ўтишида ҳеч қандай муаммо йўқлигини таъкидлайди. Бироқ, Қозоғистон оммавий ахборот воситалари Россия томонида хавфсизлик текширувининг кучайишидан қўрқиб, баъзи юк машиналари Қозоғистонда тўхтаб тургани ҳақида хабар бермоқда. Октябрь ойи бошида Россия Федерал божхона хизмати чегара яқинида «транспорт воситаларини тасодифан текширувчи» «мобил гуруҳлар» фаолият юритаётганини хабар қилганди.

Октябрь ойи охирида Россия президенти Владимир Путин Қозоғистон ва Қирғизистондан автомобил йўли орқали кераклигича расмийлаштирилган товарларни олиб киришга рухсат берувчи фармонни имзолади. Бу чегарадаги вазиятни яхшилашга қаратилган вақтинчалик чора эди, аммо тирбандлик ҳанузгача муаммолигича қолмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ