Тожикистондаги барча мактаб ўқитувчилари ҳарбий хизматдан озод қилинди

ru.pinterest.com сайти фотосурати

Тожикистондаги барча ўқитувчилар мажбурий ҳарбий хизматдан озод қилинди. Илгари бу имтиёз фақат қишлоқ мактабларида ишлайдиган ўқитувчиларга тегишли эди. «Азия-Плюс» нашрининг хабар беришича, «Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги қонунга тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Ўзгартиришлар парламент томонидан маъқулланган. Кучга кириши учун улар Мажлиси Милли (парламент юқори палатаси) вакиллари томонидан тасдиқланиши керак, шундан сўнг ҳужжатлар президент томонидан имзоланади ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Тожикистон Таълим ва фан вазирининг биринчи ўринбосари Ҳомид Хошимзоданинг сўзларига кўра, ўзгартиришлар ўқитувчиларнинг мавқеини ошириш ва таълим муассасаларида ўқитувчилар тақчиллиги муаммосини ҳал қилиш учун киритилмоқда.

Шуни таъкидлаш лозим, ўқитувчиларнинг ҳарбий хизматдан озод қилиниши Тожикистоннинг бир қатор ҳудудларида, жумладан, Душанбеда кузги чақирув режасининг муддатидан олдин бажарилишига таъсир қилмади. Бир неча кун олдин Хатлон вилояти расмийлари режанинг 100% бажарилганини хабар қилишган эди. Бундай натижа «фаол тарғибот ва ташвиқот ишлари» билан изоҳланган.

«Азия-Плюс» нинг таъкидлашича, ўқитувчилар етишмаслиги долзарб муаммо бўлиб қолмоқда. Таълим ва фан вазири Раҳим Саидзоданинг сўзларига кўра, гарчи бу йил 13 000 талаба университетларни ўқитувчилик касби билан битирган бўлсада, 2025/2026 ўқув йили бошида мамлакат мактабларида 3800 дан ортиқ ўқитувчи етишмаётгани аниқланган.

Мутахассисларнинг фикрича, бу вазиятнинг бир қатор сабаблари бор. Ўқитувчиларни мажбурий ҳарбий хизматга чақиришдан ташқари, ҳукуматнинг ўз ваъдаларини бажармаётгани ҳам битирувчиларнинг ўз касбида ишлашни хоҳламаётганига сабаб бўлмоқда. Масалан, ўқитувчилар ҳали ҳам қонунда назарда тутилган ер участкаларини олиш ёки бошқа имтиёзларга эга эмас.

Ушбу муаммони ҳал қилиш учун ҳукумат «Ўқитувчилар мақоми тўғрисида»ги қонун лойиҳасини таклиф қилди, у Мажлиси намояндагон (парламент қуйи палатаси) томонидан қабул қилинди. Ушбу ҳужжат биринчи марта ўқитувчиларнинг ҳуқуқий, ижтимоий ва молиявий ҳолатини мустаҳкамлаш ва уларнинг қадр-қиммати ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган. Хусусан, қонунда ўқитувчиларни мактаблардаги шанбалик ва маблағ йиғиш ишларига жалб этиш тақиқланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ