Британиялик ҳарбий Афғон миллий армияси аскари ва таржимони орқали маҳаллий аҳоли билан гаплашяпти, 2008 йил. wikipedia.org сайти фотосурати
Буюк Британия Мудофаа вазирлигидаги маълумотларнинг четга сизиб чиқиши Британия ҳарбий ва фуқаролик миссиялари билан ҳамкорлик қилган камида 49 афғоннинг ўлимига сабаб бўлди. Бу ҳақда The Gardian хабар берди.
Буюк Британия парламентининг Мудофаа қўмитасига тақдим этилган тадқиқотларга кўра, маълумотларнинг четга сизиб чиқиши британияликлар ва уларнинг оила аъзолари билан ҳамкорлик қилган қарийб 100 000 афғон ҳаётини хавф остига қўйган. Сўровда шахсий маълумотлари ошкор бўлган 231 киши иштирок этган. Улардан 200 нафари ўзларига ёки яқинларига тўғридан-тўғри таҳдидлар бўлгани ҳақида хабар беришган, 49 нафари эса ҳодиса ҳамкасби ёки оила аъзосининг ўлимига сабаб бўлганини айтган.
Ҳодиса 2022 йил февраль ойида, Мудофаа вазирлиги ходими хатолик билан ходимлар ва уларнинг оилаларини ҳимоя қилишга мўлжалланган махсус дастурлар бўйича Афғонистондан кўчиб ўтиш учун тахминан 25 000 нафар ариза берувчининг шахсий маълумотларини ўз ичига олган электрон жадвални юборганида содир бўлган. Исмлар, алоқа маълумотлари ва бошқа махфий маълумотларни ўз ичига олган рўйхат учинчи шахслар қўлига тушиб қолган ва улар буни мамлакат бўйлаб тарқатишган. Мазкур хато Британия Мудофаа вазирлиги тарихидаги энг йирик хатолардан бири деб ҳисобланди.
2025 йил 15 июль куни Британия Мудофаа вазири Жон Хили Жамоатлар палатасида нутқ сўзлаб, ҳаёти хавф остида қолган барча афғонлардан «самимий узр» сўради ва маълумотлар сизиб чиқишини ваколатли каналлардан ташқарида электрон маълумотларни жўнатиш билан боғлиқ «жиддий идоравий хато» деб атади. Вазирнинг таъкидлашича, хато «аввалги раҳбарият даврида содир бўлган».
Маълумотлар сизиб чиққани ҳақидаги фактлар Лондон Олий суди унинг ошкор этилишига тўсқинлик қилувчи аввалги суд қарорини бекор қилганидан сўнггина оммага ошкор бўлган. Судя Чемберлен ушбу тақиқ «назорат бўшлиғи»ни келтириб чиқаргани ва жамоатчилик ишончига путур етказганини таъкидлаган.
Ўз навбатида собиқ Мудофаа вазири сэр Бен Уоллес маълумотлар сизиб чиққанига оид фактлар ошкор этилишига қарши тақиқ жорий этганидан афсусда эмаслигини айтган. The Telegraphдаги ўз колонкасида у хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳаракат қилганини тушунтирган: «Агар маълумотларнинг сизиб чиқиши ўша пайтда оммага ошкор бўлганида эди, рўйхат мавжудлигининг ўзиёқ мазкур одамларни ўлим хавфига дучор қилган бўларди».
Шу билан бирга, Британия оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, маълумотлар сизиб чиққани бир йил ўтиб, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси «минглаб» афғон шахсий файлларини олганини ва улардан парчалар чоп этганини даъво қилганидан сўнг аниқланган. Бу ҳолат хавфларни шошилинч равишда қайта баҳолашга олиб келган. 2024 йил баҳорида Буюк Британия ҳукумати маълумотлари сизиб чиққан, аммо бошқа дастурлар шартларига жавоб бермайдиган афғонларни қайта кўчириш учун махсус дастур — Afghan Relocation Route (ARR) ни ишга туширди. Операция қиймати 400 миллион фунт стерлингдан ошган ва умумий харажат 850 миллион фунт стерлингга етиши кутилган. 2025 йил июль ойида минтақадан тахминан 4500 киши кўчирилгани, яна 2400 киши кўчишни кутаётгани ҳақида хабар берилган эди. Маъқулланган 6900 нафар ариза берувчидан тахминан 900 нафари Британия миссияларининг собиқ ходимлари, қолганлари уларнинг қариндошлари бўлган.
Буюк Британия Мудофаа вазирлиги мустақил текширувлар сизиб чиққан рўйхатларда кўрсатилган шахсларга қарши мақсадли ҳужумлар эҳтимоли пастлигини кўрсатаётганини таъкидлаган. Бироқ, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари таҳдидлар кўлами ва ўлимлар сони Британия ёрдамига муҳтож одамларни ҳимоя қилишдаги тизимли муаммоларни кўрсатаётганини таъкидламоқда.
Буюк Британия 2021 йили Афғонистондан чиқиб кетганидан бери 36 000 дан ортиқ афғонларни бошқа жойга кўчирган. Бироқ, мутахассисларнинг таъкидлашича, маълумотларнинг сизиб чиқиши қайта қўчириш дастурларига бўлган ишончга путур етказган ва иттифоқчиларни, жумладан, мамлакатдан эвакуация қилинишини кутаётганларни ҳимоя қилиш чораларининг самарадорлигига шубҳа туғдирган.



