Европа компаниялари ва банклари Ўзбекистон билан 10 миллиард евролик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришди

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Европа компаниялари ва банклари ўзбек шериклари билан 10 миллиард евродан ортиқ лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш бўйича келишувларга эришди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бельгияга ташрифи давомида йирик компаниялар ва молия институтлари раҳбарлари билан бўлиб ўтган бизнес-форум ва давра суҳбатларида мана шундай келишувларга эришилди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.

Янги ташаббуслар қуйидаги соҳалардаги ҳамкорликни ўз ичига олади:

✅ Энергетика;

✅ Кимёвий моддалар;

✅ Муҳим минераллар;

✅ Логистика;

✅ Тўқимачилик;

✅ Фармацевтика.

Бу Европа компаниялари иштирокидаги умумий қиймати 40 миллиард евродан зиёд бўлган ҳозирги лойиҳалар портфелига салмоқли қўшимчадир.

Шу билан бирга, 24 октябрь куни Мирзиёев Европа Кенгаши ва Европа Комиссияси раҳбарлари Антониу Коста ва Урсула фон дер Ляйен билан учрашди. Томонлар жорий йил апрель ойида Самарқандда бўлиб ўтган биринчи «Марказий Осиё-Европа Иттифоқи» биринчи саммити якунида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида кўп қиррали Ўзбекистон – Европа ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалаларини кўриб чиқдилар.

Етакчилар бугун имзоланган Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги тарихий битимни юқори баҳоладилар. Ушбу кенг қамровли ҳужжат Ўзбекистон билан ЕИ ҳамкорлигининг нафақат ҳуқуқий асосларни кенгайтириши, балки янги кун тартибини шакллантириши таъкидланди. Шунингдек, битим бирлашмага аъзо давлатлар билан, энг аввало, савдо, инвестициялар, транспорт, энергетика, иқлим, юқори технологиялар ва маданий-гуманитар ҳамкорлик соҳаларидаги алоқаларга кучли суръат бағишлайди.

Томонлар Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолиги бўйича ЕИ билан икки томонлама музокаралар якунланганини ҳам олқишладилар.

Етакчилар барча даражаларда фаол, сермаҳсул мулоқот ва алмашинувлар амалга оширилаётгани катта мамнуният билан таъкидилар. Ташриф арафасида Ўзбекистон делегацияси Европа Иттифоқининг «Глобал дарвоза» иккинчи форумида иштирок этди. Куни кеча эса Ҳамкорлик кенгаши ҳамда Иқтисодиёт, савдо ва инвестициялар бўйича кичик қўмита йиғилишлари муваффақиятли ўтказилди.

Ўзаро ҳамкорликнинг ижобий суръатини сақлаб қолиш учун институционал ҳамкорлик механизмларини янада кенгайтириш ва турли соҳаларда янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди. Бундан ташқари, бизнес ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлайдиган виза тартибларини соддалаштиришнинг муҳимлиги таъкидланди.

Учрашув якунлари бўйича Ўзбекистон, Европа Кенгаши ва Европа Комиссияси етакчилари Қўшма баёнот қабул қилдилар.