Европа Иттифоқи Тожикистон ҳукуматини қамоқдаги адвокат ва журналистларни зудлик билан озод қилишга чақирди

Темур Варкининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасидан коллаж

Европа Иттифоқи Тожикистон ҳукуматини қамоқдаги адвокатлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларни зудлик билан ва сўзсиз озод қилишга чақириб, аниқ ишлар рўйхатини тақдим этди. Бу чақириқ 17 октябрь куни Брюсселда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи ва Тожикистон ўртасидаги инсон ҳуқуқлари бўйича 15-мулоқот чоғида янгради, деб хабар беради Европа Иттифоқининг Тожикистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати.

Мулоқот чоғида Европа Иттифоқи Тожикистондаги журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва фуқаролик жамиятининг иш шароитларидан чуқур хавотир билдирди. Брюссел расмийларни илгари ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган фуқаролик жамияти ташкилотларини қайта рўйхатдан ўтказишни таъминлашга чақирди.

Тоғли Бадахшон автоном вилояти (ТБАВ)даги вазиятга алоҳида эътибор қаратилди. Европа Иттифоқи ўлкада инсон ҳуқуқлари бўйича прогресс йўқлигидан жиддий хавотир билдирди ва Душанбени Помирдаги озчилик ҳалқ билан конструктив ва очиқ мулоқотга чақирди.

Томонлар қийноқлар ва ғайриинсоний муомаланинг бошқа шакллари олдини олиш, шунингдек, жазони ижро этиш тизимини ислоҳ қилиш масалаларини муҳокама қилди. Қамоқхоналарда мустақил мониторинг тизимини яратиш ва суд назоратини самарали таъминлаш зарурлиги таъкидланди. Европа Иттифоқи, шунингдек, Тожикистон ҳукуматини адолатли судловнинг халқаро стандартларига риоя қилишга чақирди.

Мулоқот чоғида аёллар ҳуқуқлари, гендер асосидаги зўравонлик, камситишнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди. Европа Иттифоқи Тожикистонда инсон ҳуқуқлари бўйича қонунчиликни ишлаб чиқишда маълум ютуқларга эришилганини эътироф этди, лекин уни самарали амалга ошириш муҳимлигича қолаётганини таъкидлади. Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини, жумладан, сиёсий плюрализм ва оммавий ахборот воситалари мустақиллигини ҳурмат қилишни рағбатлантириш икки томонлама муносабатларнинг тамал тоши бўлиб қолаётгани таъкидланди. Бу соҳадаги сезиларли ютуқлар Тожикистоннинг GSP+ (Умум имтиёзлар плюс тизими) мақомини олиш учун ариза бериши учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади, бу эса савдо имтиёзларини беради, дея таъкидлади Европа Иттифоқи. Фуқаролик ва сиёсий эркинликларни яхшилаш, шунингдек, этник ва диний озчиликни ташкил этувчи ҳалқларни ҳимоя қилиш асосий шартлар сифатида белгиланди.

Мулоқот 2025 йил июль ойида Европа Иттифоқи ва Тожикистон ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланганидан сўнг икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш бўйича умумий мажбуриятни яна бир бор тасдиқлади. Келгуси келишув бўйича муваффақиятли иқтисодий ҳамкорлик кучли демократик институтлар ҳамда инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳурмат қилиш борасидаги давомий тараққиёт билан таъминланиши кераклиги қўшимча қилинди.

Қайд этиш лозим, бу Европа Иттифоқининг тожик сиёсий маҳбусларини озод этишга қаратилган биринчи уриниши эмас – 2023 йил охиридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича 14-мулоқот чоғида ҳам худди шундай чақириқ билдирилган эди.

▶️ Собиқ тожик журналисти Темур Варки Тожикистон Олий суди томонидан Тожикистон Ислом Уйғониш партияси (ТИУП) экстремистик ташкилот деб эълон қилингани ва мамлакатда оммавий репрессиялар бошланганидан сўнг, 2015 йилдан бери сиёсий сабабларга кўра судланган ҳамкасблари, блогерлар ва ТИУП раҳбарияти аъзолари рўйхатини эълон қилди. Рўйхатдаги журналистларнинг баъзилари исломий партияга алоқадорликда айбланган бўлса, яна бир қисми давлат тўнтариши уюштиришга уринишда айбланган. Улар орасида:

▪️ Муҳаммадали Ҳайит (Маҳмадали Ҳайит), умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган;

▪️ Раҳматулло Ражаб – 28 йилга озодликдан маҳрум этилган;

▪️ Абдуқаҳҳори Давлат – 28 йил;

▪️ Улфатхоним Мамадшоэва – 21 йил;

▪️ Аҳмадшоҳ Комилзода – 19 йил;

▪️ Ҳикматулло Сайфуллозода – 16 йил;

▪️ Комчек (Комер) Мирзоев – 10 йил;

▪️ Далери Имомали – 10 йил;

▪️ Аҳмад Ибоҳим — 10 йил;

▪️ Хушруз Жумаев (Хушом Ғулом) — 8 йил;

▪️ Рухшона Ҳакимова — 8 йил;

▪️ Абдулло Ғурбати — 7,5 йил;

▪️ Завкибек Саидамини — 7 йил;

▪️ Абдусаттор Пирмуҳаммадзода — 7 йил;

▪️ Мамадсултон Мавлоназаров (Муҳаммали Султон) — 7 йил;

▪️ Хуршед Фозилов — 7 йил қамоқ жазосини олган.

Шу йилнинг сентябрида «Нажот» газетасининг собиқ бош муҳаррири, таниқли диншунос, ТИУП асосчиларидан бири, 80 ёшли Зубайдулло Рўзик Тожикистон қамоқхонасида вафот этди. 2016 йили у 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

Халқаро ташкилотлар сиёсий сабаблар билан қамалган бир неча адвокатни ҳам зудлик билан озод қилишни талаб қилмоқда. Улар орасида Бузургмеҳр Ёров, Манучеҳр Холиқназаров, Нуриддин Маҳкамов бор.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ