Оренбург газни қайта ишлаш заводи дрон ҳужуми билан боғлиқ ҳодисадан сўнг Қорачиғаноқ конидан газ олишни қайтадан бошлади. Бу ҳақда Қозоғистон Энергетика вазири Ерлан Аккенженов Мажилис (парламент қуйи палатаси) йиғилишида маълум қилди, деб хабар беради Vlast.kz.
«Газ олишни бошладик(...). Секин-аста, кеча ваъда қилганимдек, фаолиятимизни тиклаяпмиз. Ҳаммаси жойида», — деди Аккенженов. Унинг қўшимча қилишича, кондаги ишлар ҳам параллел қайта тикланади.
Оренбург ГҚЗ — Россиядаги энг йирик табиий газни қайта ишлаш заводидир. 19 октябрь куни эрталаб дрон ҳужуми ҳақида хабар берилган. Оренбург вилояти губернатори Евгений Солнцевнинг сўзларига кўра, ҳужум оқибатида «цехлардан бирида ёнғин чиққан».
Қорачиғаноқ — Ғарбий Қозоғистондаги нефть ва газ конденсат кони. У ерда ишлаб чиқарилган газнинг бир қисми резервуарга қайта қуйилади, қолган қисми эса Россияга, Оренбург газни қайта ишлаш заводига юборилади, чунки коннинг ўзида газни қайта ишлаш қуввати йўқ.
Россия компанияси кондан хомашё импортини тўхтатгани сабабли Қозоғистон Қорачиғаноқдаги нефть ва газ конденсати қазиб олишни 25-30 фоизга қисқартиришга мажбур бўлганди. Бироқ, Қозоғистон расмийлари ҳодиса мамлакатнинг газ таъминотига таъсир қилмаганини таъкидлади. Мамлакат истеъмолчиларига газ одатдагидек, ҳеч қандай чекловларсиз етказиб берилмоқда.