Қозоғистон ва Озарбайжон яқин келажакда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини икки баробарга ошириб, 1 миллиард долларга етказади. Бу ҳақда Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг Қозоғистонга давлат ташрифи чоғида келишувга эришилди, деб хабар беради Оқўрда.
Музокаралар якунларини шарҳлар экан, Тўқаев Алиевнинг ташрифига «алоҳида аҳамият» беришини айтди. «Мамлакатларимиз илдизлари муштарак, тарих муштарак. Озарбайжон Қозоғистон учун муҳим ва ишончли стратегик шерикдир. Бугунги кунда муносабатларимиз изчил ривожланиб бормоқда. Биз алоқаларимизни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Асосий мақсад дўстлигимизни мустаҳкамлаш, турли соҳалардаги ҳамкорликка янги суръат бағишлашдир. Бу икки халқ манфаатларига жавоб беради», — деди у.
«Халқларимизни маънавий-маданий муштаракликка асосланган кўп асрлик дўстлик ва қардошлик ришталари боғлаб туради, — деди Алиев. — Биз ушбу мустаҳкам пойдевор устига давлатлараро муносабатларимизни қуряпмиз. Сўнгги уч йилда ўндан ортиқ ўзаро ташрифлар динамикасини кузатадиган бўлсак, муносабатларимиз нақадар жадал эканини яққол кўришимиз мумкин. Ҳар бир учрашув, ҳар бир муҳокама якуний натижага эришишга қаратилган».
Учрашувда президентлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар. Тўқаев савдо айланмасини икки баравар оширишга рози бўлишдан ташқари, қўшма корхоналар ташкил этишдан икки томон манфаатдор эканини таъкидлади.
«Б у масалада сезиларли ютуқларга эришилди. Масалан, қўшма трансформатор ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган, турар-жой ва инфратузилма объектлари қурилиши давом этмоқда, қўшма кема қуриш лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда. Ҳукуматларга ушбу йўналишларни назорат қилиш, тезкорлик билан режа ёки, ҳозирги кунда айтилаётгандек, саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича Йўл харитасини қабул қилиш топширилган», — деди Қозоғистон раҳбари.
Яна бир муҳокама мавзуси Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантириш бўлди. У Хитой-Қозоғистон чегарасидан Қозоғистон, Туркманистон, Озарбайжон, Грузия, Туркия орқали Европа давлатларига ўтади. Транспорт темир йўл ва денгиз транспортини (Каспий денгизи орқали) ўз ичига олади. Ўтган йили мазкур йўналиш бўйича юк ташиш ҳажми 62 фоизга ошиб, 4,5 миллион тоннани ташкил этди.
«Биз хорижлик ҳамкорларимиз билан бир вақтнинг ўзида тўсиқларни бартараф этиш ва йўлак бўйлаб ягона узоқ муддатли тарифни ўрнатиш устида ишламоқдамиз. Бу, шубҳасиз, самарадорликни оширади, бутун йўналиш бўйлаб узлуксиз етказиб беришни таъминлайди ва режалаштирганимиздек, юк ташиш ҳажмини 10 миллион тоннагача ошириш имконини беради», — деди Тўқаев.
Унинг сўзларига кўра, томонлар юк экспорти учун янги Транскаспий паром тизимини яратиш имкониятларини ҳам муҳокама қилган.
Тўқаев энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ҳақида гапираркан, Қозоғистон нефтини Боку-Тбилиси-Жайҳон йўналиши бўйича ташишга оид ҳамкорликдаги ишларни мамнуният билан қайд этди, дейилади Оқўрда хабарида. Ўтган йили ушбу хомашёнинг Озарбайжон орқали транзити қарийб 1,5 миллион тоннани ташкил этган. Президент яқин келажакда бу ҳажмни сезиларли даражада ошириш режалари борлигини айтди.
Ўз навбатида, Илҳом Алиев Тўқаев билан бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманида Озарбайжон Арманистонга юк транзитига қўйилган барча чекловларни олиб ташлагани ва бундай транзит юкларнинг биринчиси Қозоғистон дони бўлганини эслатиб ўтди. Биринчи юк Арманистонга тез орада Ақтау-Боку темир йўли орқали, кейин эса Озарбайжон-Грузия темир йўли орқали етиб келиши кутилмоқда.