Мирзиёев Тошкентда 12 мегаватт қувватга эга дата-марказ қурилишига старт берди

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентда Саудия Арабистонининг Data Volt компанияси билан ҳамкорликда қуриладиган 12 мегаватт қувватга эга дата-марказ қурилишини бошлаб берди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

21 октабр куни Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган IT-паркга ташриф буюриб, лойиҳанинг иккинчи босқичига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этди.

150 миллион долларлик дата-марказ лойиҳанинг иккинчи босқичининг марказий элементи бўлади. Маълумотлар марказининг умумий қувватини 500 МВтга ошириш учун қўшимча 3 миллиард доллар сармоя киритилиши режалаштирилган.

Лойиҳага кўра, IT-Park ҳудуди 1,5 баробар кенгайтирилади. Ушбу ҳудудда жами 6 та бино – Сунъий интеллект маркази, Космос ва келажак технологиялари марказлари, 2 та 20 қаватли офис биноси, шунингдек сервис ва савдо марказлари қурилади. Мазкур мажмуа энг замонавий технологиялар, инновациялар ва билимларга асосланган «Сунъий интеллект хаби»га айланади.

IТ-паркнинг биринчи босқичи 2023 йили 200 миллион доллар сармоя билан якунланди. Тахминан 4 гектар майдонда олтита офис биноси ва конгресс-холл қурилди.

Бугунги кунда 3200 компания IТ-парк резидентлари бўлиб, уларда 14000 дан ортиқ мутахассис ишлайди. 2024 йили улар томонидан кўрсатилган хизматлар ҳажми 1,6 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2025 йил охирига келиб бу кўрсаткич 2,5 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда. Хизматлар экспорти биринчи марта 1 миллиард долларга етиши кутилмоқда.

Лойиҳа 300 мингдан ортиқ кишини ахборот технологиялари соҳасида юқори маошли иш билан таъминлашга қаратилган «Ўзбекистон 2030» стратегияси доирасида амалга оширилмоқда. Хорижий экспертларнинг фикрича, Ўзбекистоннинг биргина сунъий интеллект соҳасидаги салоҳияти 10 миллиард долларга баҳоланмоқда, дея таъкидлайди президент матбуот хизмати.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ