Россия ва Туркманистон соддалаштирилган божхона коридорини ташкил этишга келишиб олди

РФ ФБХ матбуот хизмати фотосурати

Россия ва Туркманистон соддалаштирилган божхона коридорини ташкил этиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолади. Ушбу қарор товарлар ва транспорт воситаларини олиб ўтиш бўйича маъмурий амалиётларни осонлаштиради, деб хабар беради Россия Федерал божхона хизмати (ФБХ) Telegram-канали.

13 октябрь куни Ашхободда бўлиб ўтган ҳукуматлараро комиссия йиғилишида икки давлат божхона органлари вакиллари тегишли келишувни имзоладилар. Йиғилишда делегацияларга Россиядан Бош вазир ўринбосарлари Марат Хуснуллин ва унинг туркман ҳамкасби Нокергули Атагулиев бошчилик қилган.

Тадбир доирасида божхоначилар Россия томонидан ФХБ раҳбари ўринбосари Сергей Шкляев билан музокаралар ўтказди. Томонлар декларациянинг соддалаштирилган тартиби мамлакатлар ўртасидаги ўзаро савдо ҳажмини ошириш учун шарт-шароитлар яратишга қаратилганини таъкидлаган.

Шунингдек, икки давлат томонидан божхона тўловларини янада самарали ва тезкор ҳал этиш ҳамда яқин ҳамкорликни таъминлаш имконини берувчи вакиллар алмашинуви бўйича келишувга эришилган.

Шкляев ва унинг туркманистонлик ҳамкасби, шунингдек, ваколатли иқтисодий операторлар тўғрисидаги шартномалар лойиҳаларини ва товарлар ва транспорт бўйича дастлабки маълумотлар алмашинуви бўйича баённомаларни имзолашга тайёргарлик масалаларини муҳокама қилган.

Ушбу ҳужжатлар, Федерал божхона хизмати маълумотларига кўра, нафақат божхона қоидабузарликлари хавфини минималлаштириш ва назорат самарадорлигини ошириш, балки бизнес савдо операцияларини амалга оширишдаги молиявий ва вақт харажатларини сезиларли даражада камайтиради.

Trans.ru нашрининг ёзишича, айни пайтда Туркманистон Россия учун устувор йўналиш ҳисобланади, чунки «Шимол-Жануб» халқаро транспорт коридорининг шарқий тармоғи Марказий Осиё республикаси ҳудудидан ўтади. Бу маршрут Россия компанияларига Эрон портлари орқали денгизга қўшимча чиқиш имконини беради, бу эса санкциялар чекловлари шароитида савдо оқимларини Яқин Шарқ ва Африкадаги бозорларга йўналтириш имконини беради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ