Қозоғистон сенаторлари Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) Божхона кодекси тўғрисидаги шартномага қозоғистонликлар томонидан ташқи маркетплейсларда харид қилинган товарларга мажбурий бож тўловини назарда тутувчи ўзгартиришларни ратификация қилди, деб ёзади Tengrinews.kz.
Ҳужжатда «электрон тижорат оператори» ва «электрон тижорат орқали харид қилинадиган товарлар» тушунчалари киритилган. Энди қозоғистонликлар онлайн харид қилинган ва божхонадан ўтаётган барча товарларини декларациялашлари талаб этилади. Ушбу товарлар электрон божхона декларациясидан фойдаланган ҳолда соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилиши мумкин.
Сенатор Серик Утешов тушунтиришича, хориждан харидлар ҳозирда шахсий фойдаланиш учун мўлжалланган товарлар ҳисобланади ва улар маълум чегаралардан ошиб кетган тақдирдагина декларация қилинади (максимал қиймати 200 евро (127 300 тенге) ва вазни 31 килограмм). Ўзгартиришлар ратификация қилингандан сўнг, ишончли статистик маълумотларни тўплаш имконини берувчи онлайн савдонинг бутун ҳажми ҳисобга олинади.
Миллий иқтисодиёт вазири ўринбосари Азамат Амрин, ўз навбатида, харидорлар товарларни ўзлари декларациялаши ёки «Казпочтеа», DHL ёки бошқа компания операторларига топширишлари мумкинлигини таъкидлайди. «Компания декларацияни тўлдирса, хизмат ҳақи 4000 дан 5000 тенгегача туради. Шунга кўра, маҳсулот нархи шу суммага ошади», — деди расмий.
Солиқ тизими ҳам ўзгаради: ҳозирда жами тўлов 15 фоиз бўлса, энди бож 5 фоизни, плюс ҚҚС 12 фоизни (кейинги йилдан бошлаб 16 фоиз — таҳр.изоҳи) ташкил этади.
«5 плюс 12, бу —17 фоиз. Яъни, харажат 15 фоиздан 2 фоизгача бироз ошади. Декларацияни тўлдириш нархи шахснинг ўзига боғлиқ. Агар иложи бўлса, ўзи тўлдирсин; декларация жуда оддий», — дея қўшимча қилди Амрин.
Протокол Россия, Беларусь, Қирғизистон ва Арманистон томонидан аллақачон ратификация қилинган. У ЕОИИга аъзо барча давлатлар томонидан ратификация қилинганидан сўнг кучга киради.